Линклар

ЕИ ташқи ишлар вазирлари Андреа Бергга билвосита ёрдам бериб юборди

  • Озодлик

23 апрель куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияни муҳокама қилиш учун Люксембургда йиғилди. Бу стратегия лойиҳасини ЕИнинг амалдаги раиси Германия тақдим этади.

Лойиҳа ЕИнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган саммитида қабул қилиниши мумкин. Айни пайтда ЕИнинг айрим аъзолари Германия Марказий Осиё давлатлари таянчини қозониш мақсадида Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкцияларни юмшатишга ҳаракат қилаётганидан хавотирда.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари қабул қилиши кутилаётган декларация лойиҳасини “Озодлик”нинг Брюсселдаги мухбири ўқиб чиқишга муваффақ бўлган. Унда ЕИ учун устивор бўлган масалалар рўйхати бўлиб, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш, шунингдек, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

“Музокаралар ëпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. ЕИга раислик қилаëтган Германия МОга нисбатан умумий стратегия ишлаб чиқилишига қизиқиш билдиряпти. Май ойида ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан санкциялари масаласи қайтадан кўриб чиқилиши кутилаётир. Айни пайтда Германия ҳукумати расмий Тошкентнинг Андижон муаммосини ўрганишга розилик берганини эслатган. Бу эса Ўзбекистонга нисбатан санкцияларнинг бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки Германия ЕИнинг амалдаги раиси ўлароқ, Ўзбекистонни яккалаб қўйишдан кўра, у билан музокара олиб бориш тўғрироқ эканини тушунтирмоқчи”, - деди “Озодлик” мухбири.

ЕИ расмийлари Люксембургда йиғилган бир пайтда Ўзбекистон “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Андреа Бергнинг аккредитацияси муддатини узайтирди.

“Мен шанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов билан учрашдим. У менга аккредитациямни уч ойга узайтиришини, бундан кейин қонунга хилоф иш қилмасам, улар менга чидаб юришини айтди”, - деди А.Берг хоним.

Унинг сўзларига кўра, вазир уни гўёки Ўзбекистон қонунларини бузишда айблаган.

“Мисол сифатида Адлия вазирлигига менинг устимдан қилинган шикоятни кўрсатди. Мен Норовга бундай айбловлар асоссиз эканини билдирганимда, у бу каби иддаоларни эшитишга вақти йўқлигини ва бизнинг фаолиятимиз Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги обрўсига путур етказаëтгани айтди”, - деди А.Берг.

Одатда ҲРУ каби ташкилотлар масаласи билан Адлия вазирлиги шуғулланади. Лекин А.Берг негадир Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

“Мен ҳам ажабландим. Чунки бизнинг ТИВга ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Менимча, бу ЕИ МОга нисбатан сиëсатини кўриб чиқаётгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин”, - дейди Берг хоним.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Ўзбекистон Адлия вазирлиги А.Бергнинг аккредитация муддатини узайтирмасликка қарор қилган эди. Вазирлик бу қарорини Берг хоним ўз фаолиятида ташкилот низоми доирасидан ташқарига чиққани билан изоҳлаганди.

Кузатувчилар А.Бергнинг аккредитацияси узайтирилгани бежиз эмаслигини айтмоқда. Чунки ЕИ Ўзбекистонга нисбатан қўллаган санкцияларнинг кейинги тақдирини муҳокама этгунга қадар Тошкент инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий қадамлар қўяëтганини халқаро жамоатчиликка намойиш этиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсатда фақат Россия ва Хитой билан кифояланиб қолмоқчи эмас. Шунинг учун ўзига кенг халқаро майдон изламоқда.
XS
SM
MD
LG