Линклар

logo-print

Франция: Социалист ўнг марказчига қарши

  • Сарвар Усмон

Франция президентлигига ўтказилаётган сайловнинг 6 майга белгиланган иккинчи босқичида номзодлардан икки нафари – ўнг марказчи Николя Саркози ва социалист Сеголен Руаяль ўзаро куч синашадиган бўлди.

Сайловнинг 22 апрель куни ўтказилган биринчи босқичида марказчи Франсуа Байру учинчи, ашаддий ўнгчи куч – “Миллий фронт” етакчиси
Жан-Мари Ле Пен тўртинчи ўринни эгаллади.

Якшанба кунги овоз беришга сайловчилар фавқулодда фаол қатнашди. Овоз бериш участкаларига сайловчиларнинг 84 фоизи келди.

6 майга белгиланган иккинчи босқич ўнгчилар билан сўлчилар ўртасидаги анъанавий курашнинг навбатдаги босқичи бўлиши аниқ кўриниб қолди.

Ортда қолган босқичда сайловчилар овозларининг 31 фоизи ўнг марказчи Н.Саркозига, 26 фоизи сўлчи С.Руаялга насиб этди. Улар биринчи босқичдаёқ ғолиб бўлиши учун сайловчиларнинг 50 фоизидан кўпроғи қўллаб-қувватлашига эришиши зарур эди.

Овоз бериш участкаларига сайловчиларнинг қарийб 85 фоизи келгани французларнинг сайловга катта қизиқиш билан қараётганини кўрсатиб турибди.

Маҳаллий таҳлилчилар бу қизиқишни Н.Саркозининг ҳам, С.Руаялнинг ҳам Иккинчи жаҳон урушидан кейин туғилган авлодга мансуб экани билан изоҳламоқда.

Франция президентлигига сайлов мамлакат бир қанча муаммоларга дуч келиб турган шароитда - ишсизлик даражаси баланд, давлат қарзи тез ўсаётган, араб ва Африка мамлакатларидан келган иммигрантлар болаларининг француз жамиятига интеграциялашуви ўта қийин кечаётган вазиятда ўтказилмоқда.

“Президент сайловининг биринчи босқичи демократиямизнинг ғалабаси бўлди. Сайловчиларнинг овоз беришда фаол қатнашгани уларнинг ҳеч кимга ўз номидан иш кўришга изн бермаслиги далолатидир. Мени биринчи, Руаяль хонимни эса иккинчи ўринга қўйиш билан сайловчилар Франциянинг ривожи масаласидаги баҳс-мунозараларни якунига етказиб қўйиш истагида эканини намойиш қилди”, - деди сайловнинг биринчи босқичидан сўнг тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Н.Саркози.

Агар сайланиб қолса, Франция тарихида аёллардан чиққан биринчи давлат бошлиғи бўладиган социалист С.Руаяль сайловолди кампанияси давомида, ўнг марказчи Саркозидан фарқли ўлароқ, Франциянинг ижтимоий таъминот тизимини сақлаб қолишни, иқтисодиётда давлатнинг ролини кучайтиришни ваъда қилиб келди.

“Бугун мен нафақат социалистман. Мен барча сўлчиларни ва экологик ҳаракат тарафдорларини бирлаштириб, янада олға кетишим керак”, - деди 23 апрель куни Парижда қилган чиқиши чоғида С.Руаяль хоним.

У сайловчиларни овоз беришнинг иккинчи даврасига даъват қилар экан, Францияни чин инсоний қадриятлар эъзозланадиган мамлакатга айлантиришга жазм этганини таъкидлади.

Франция президенти сайловининг биринчи босқичида Н.Саркози ва С.Руаялдан ташқари яна 10 номзод иштирок этди. Улардан баъзилари ўз тарафдорларини С.Руаяль учун овоз беришга даъват қилажакини билдирди.

Бироқ 22 апрель кунги овоз бериш натижалари бўйича учинчи ва тўртинчи позицияларни эгаллаган сиёсатчилар иккинчи даврада кимни қўллашини ҳозирча билдирмай турибди.
XS
SM
MD
LG