Линклар

logo-print

Россия собиқ президенти Борис Ельцин 23 апрел куни оламдан ўтди.


Унинг вафотига дунё раҳбарлари муносабат билдиришда давом этмоқда. АҚШ собиқ президенти Бил Клинтон Борис Ельцин Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин юзага келган оғир даврда Россияни бошқарган жасоратли давлат раҳбари эканини айтди.
Оқ Уй матбуот вакили Дана Перино Борис Ельцинни вафоти муносабати билан АҚШ президенти Жорж Бушнинг баёнотини ўқиб эшиттирди:
“Россия собиқ президенти Борис Ельцин вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб Лаура Буш ва мен чуқур қайғуга ботдик. Президент Ельцин буюк ўзгаришлар даврида ўз мамлакатига хизмат қилган давлат арбоби эди. У Совет Иттифоқи парчаланишида муҳим рол ўйнаган, Россияда эркинлик пойдевори яратилишида ёрдам берган тарихий давлат арбоби эди“, – дейилган АҚШ президенти баёнотида.
23 апрел куни Люксембургда ўтказилган матбуот анжуманида Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавьер Солана Ельцинни бундай хотирлади:
“Мен президент Ельциннинг узоқ муддатли фаолияти давомида у билан жуда кўп марта учрашиш имкониятига эга бўлдим. У менинг сиёсий фаолиятим давомида чуқур из қолдирган шахс. Биринчидан, ёдингизда бўлса, 1991 йил ёзида Ельцин Горбачёвга қарши уюштирилган давлат тўнтаришига қарши чиққан. Иккинчидан, 1997 йилда мен Ельцин билан Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида дастлабки шартномани имзолаганмиз”, – дея Ельцинни ёд этди Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавьер Солана.
БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Борис Ельцин Россияда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга ошаётган мураккаб даврда мамлакатни бошқарган давлат раҳбари сифатига ёдга олинишини айтди. 76 ёшида юрак хуружидан вафот этган Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин 25 апрел куни Москвада дафн этилади.
XS
SM
MD
LG