Линклар

logo-print

ЕИ Ўзбекистоннинг розилигини олқишлади

  • Озодлик

23 апрель куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга оид янги стратегиясини муҳокама қилган тузилма ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистоннинг ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласида музокара олиб боришга иштиёқини олқишлади.

ЕИнинг амалдаги раиси Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер Люксембург учрашуви ҳақида гапириб: “Бугун биз ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясини дастлабки муҳокамадан ўтказдик. Мақсадимиз бу ҳужжатни ЕИ раҳбарларининг июнь ойидаги саммитида тасдиқлашга тайёрлаш эди. Бугун биз стратегиянинг энг асосий йўналишларини муҳокама қилдик. Келаси ҳафталар ичида биз мазкур ҳужжатга қўшимчалар киритишимиз мумкин”, - деди.

Бу стратегия масаласи МО давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Остона шаҳрида ўтказилган учрашувида ҳам муҳокама қилинганди.

Еврокомиссия ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер Люксембургдаги муҳокамадан кейин ЕИнинг МОга оид бу стратегияси икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилганини айтди

“Март ойида МО давлатлари ЕИ билан алоқаларни мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдирган эди. Биз ҳам улар билан алоқаларни яхшилашдан манфаатдормиз”, - деди комиссар хоним.

Шунингдек, ЕИ расмийлари тузилманинг МО давлатларига молиявий кўмак бериши ниятини ҳам маълум қилди. Бу кўмак минтақа иқтисодини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Люксембург учрашувида ЕИ, шунингдек, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш, шунингдек, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Б.Ферреро-Валднер ўзининг аввалроқ Тошкентга қилган сафарида Ўзбекистон ҳукуматининг ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласида музокаралар олиб боришга иштиëқ билдирганини айтиб, айни пайтда Тошкент расмийларининг бу қарори жорий этилган санкцияларга таъсир этмаслигини таъкидлаганди. Люксембургдаги учрашувда ҳам у Тошкент Андижон муаммосини ўрганишга розилик берганини алоҳида қайд этди.

“Ўзбекистон ҳукуматининг ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласида музокаралар олиб бориши жуда муҳимдир. Чунки шу вақтгача бундай бўлмаган”, - деди комиссар хоним.

Аммо Брюсселдаги айрим манбалар ЕИ расмий Тошкент позициясини мақтаëтганини шошма-шошарлик, деб ҳисоблайди. Чунки Андижон воқеаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга борган ЕИ расмийларига фақатгина Андижон воқеаларининг Оқсарой тақдим этган версияси билан танишиб чиқишга рухсат берилгани айтилмоқда.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон раҳбари репрессив сиëсатни давом эттираëтган бир пайтда унинг ëнидагилар Ғарб билан муносабатлар эшигини очишга уринаётгани ЕИ расмийларини иккилантириб қўйганини айтади.

“Президентимиз олдинги позициясида қандай турган бўлса, ҳозир ҳам айни қатъий позициясини сақлаб турибди. Аммо унинг ëнидагилар сал ўзгарганга ўхшайди. Масалан, ЕИ расмийларининг Ўзбекистонга келиши, Ташқи ишлар вазирлигининг айрим масъулиятларни зиммасига олиши фикримга далилдир. Шунинг учун ЕИ қайси бир томоннинг гапига ишонишга иккиланиб қолди. Бир томондан репрессиялар кетаëтган бўлса, бошқа томондан расмийлар Ғарб билан музокаралар олиб боришга тайëрлигини кўрсатмоқда”, - дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG