Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:23

“Борис Ельциндан МО халқлари ҳам миннатдор бўлиши лозим”


Душанба куни оламдан ўтган Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин жасади сешанба куни Москвадаги “Халоскор Исо” черковига олиб келинди. Марҳум билан видолашиш маросими чоршанба куни ҳам давом этади.

Дафн маросимида марҳумнинг яқинлари билан бир қаторда хорижий давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Германия президенти Хорст Кёлер, Арманистон президенти Роберт Кочарян ва Латвия президенти Валдас Адамкус дафн маросимида қатнашиш истагини билдирган.

Борис Ельцин 25 апрель куни Москвадаги “Новодевичье қабристонига дафн қилинади.

Россия президенти Владимир Путин 25 апрель - чоршанбани Россияда мотам куни, деб эълон қилди.

Собиқ СССРнинг собиқ ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе Борис Ельцинни собиқ совет ҳудудларидаги демократик жараëнлар меъмори, деб билади.

“Мен Ельцин билан ҳали у Свердлов вилояти партия қўмитасига биринчи котиб бўлган даврдан бери танишман. У ўшанда икки марта Грузияда меникида меҳмон ҳам бўлган эди. Бу дўстлик кейин у Россия президенти бўлганидан кейин ҳам давом этди. У узоқ ва қийин бир йўлни босиб ўтди, Совет Иттифоқи президенти Горбачев билан фикри бир ердан чиқмади. Лекин икки оғиз сўз билан айтсак, Ельцин Россияда демократия пойдеворини қуришда улкан роль ўйнади”, - деди Э.Шеварднадзе.

Марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирган Россия президенти Владимир Путин ҳам Б.Ельциннинг бу хизматини эътироф қилди.

“Б.Ельцин иродаси ва тўғридан тўғри ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтарган янги конституция қабул қилинди. Бу ҳужжат инсонларга эркин сўз айтиш имконини, мамлакатдаги ҳукуматни эркин сайлаш ҳуқуқини, ўзларининг ижодий ва тижорий режаларини эркин амалга ошириш ҳуқуқини берди”, - деди В.Путин.

Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Борис Немцов ўзи Б.Ельцин берган имкониятлар заминидан униб чиққанини айтади.

“Мен Ельциндан жуда миннатдорман. У менга ўзимни рўëбга чиқариш имконини берди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ëшгина илмий ходимга саноатлашган улкан вилоят раҳбарлигини беришса. У одамларга ишонарди. У дадил ишлар қилишга қодир эди. Унинг исëнкор руҳи коммунизмни бузишда ва янги Росияни қуришда асқотди”, - деди Б.Немцов.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бек Тошмуҳаммедов фикрича, Б.Ельциндан нафақат россияликлар, балки мустақилликка эришган Марказий Осиё халқлари ҳам миннатдор бўлиши керак.

“Ельцин Совет Иттифоқини тугатишда қатнашди. Шунинг ўзи биз учун етарлича ижобий ҳолат. Совет Иттифоқи тарқагандан сўнг биз мустақилликка эришдик. Совет Иттифоқини тарқатишда асосий рол Ельцинга оид бўлганини унутмайлик. Совет Иттифоқининг қулаши МО халқларини мустақил қилди. Бу биз учун муҳим”, - деди академик.

“Унга Ўзбекистон мустақиллиги қаҳрамони сифатида Тошкентда ҳайкал қўйсак ҳам арзийди, аммо аввалига унга Москва ва Екатеринбургда ҳайкал қўйиш лозим, - дея сўзини давом эттирди Бек Тошмуҳаммедов. - Марҳумлар ҳақида фақат яхши гаплар гапирилади, аммо Ельциннинг МО халқлари мустақиллигида ўйнаган роли ҳақиқат. Коммунистик партия ичида туриб Кремль ҳукмронлигига қарши чиқиш учун катта жасорат лозим. Кремль ҳукмронлиги тугаши МО ҳукмдорларига чексиз имкониятлар яратгани ҳам айтиб келинади. Шу маънода МОдаги давлатлар раҳбарлари ҳам Ельциндан миннатдор бўлиши лозим”.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам 24 апрель куни Россия президенти номига Б.Ельцин ўлими муносабати билан таъзия мактуби йўллади.

“Ўзбек халқи ва шахсан ўз номимдан Борис Николаевичнинг яқинларига ва Россия халқига чуқур таъзия билдираман”, - дейилади мактубда.
XS
SM
MD
LG