Линклар

Борис Ельцин сўнгги манзилига кузатилди

  • Сарвар Усмон

23 апрель куни юрак хуружидан вафот этган Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин 25 апрель куни Москвадаги Новодевичье қабристонида дафн қилинди.

Марҳум билан видолашув маросими 90-йиллар бошида Б.Ельцин ташаббуси билан қайта тикланган Халоскор Исо ибодатхонасида ўтказилди.

Россиянинг илк президенти билан видолашиш учун ибодахонага ўн минглаб оддий москваликлар келди.

Россия президенти, ҳукумат раиси ва аъзолари, парламент палаталари раислари ҳам ибодатхонада ҳозир бўлди.

Собиқ СССР президенти Михаил Горбачёв, Германия президенти Хорст Кёллер, АҚШнинг собиқ президентлари Билл Клинтон ва катта Жорж Буш, Буюк Британия ва Канаданинг собиқ бош вазирлари Жон Мэйжор ва Жан Кретьен ҳам Ельцинни сўнгги манзилга кузатганлар сафида бўлди.

Ибодахонадан Новодевичье қабристонига олиб борадиган йўлда тобут ортидан бораётганлар орасида Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев ҳам кўринди.

Б.Ельцин вафот этгандан бери унинг ўзи ва ундан қолган мерос тўғрисида кўп ва хўб гапирилди.

Дафн маросимида Борис Ельциннинг дўстлари ҳам, ҳарифлари ҳам қатнашди.

Россиянинг собиқ вице-президенти, 1993 йил кузидаги бўҳрон пайтида Ельциннинг сиёсий рақибига айланган Александр Руцкой марҳум ҳақида гапириб: “Бир инсон сифатида Борис Николаевичга муносабатим жуда яхши эди. Чунки яхши одамга хос барча фазилатлар унда бор эди. Ўша пайтдаги сиёсий вазиятга келадиган бўлсак, бу энди тарихки, ундан ҳеч қаерга қочиб қутула олмаймиз”, - деди.

Бир қарашда, Ельциннинг энг янги тарихдаги роли беқиёс кўринади, лекин синчиклаб разм солинса, у йўл қўйган хатолар, у фойдаланмай қолиб кетган имкониятлар ҳам бисёрдай.

Кўпчиликнинг хотирасида Ельциннинг одамлар уммони узра турган образи муҳрланиб қолган. 1991 йил август воқеаларини айтяпмиз. Б.Ельцин ўшанда ГКЧПга очиқ қарши чиқиб, Россия халқлари демократия йўлини узил-кесил танлаганини баралла айта олди.

Лекин Ельциннинг бу туриши ўзига хос кинояомуз бир рамз ҳам эди: у улкан бир машина устида турарди-ю, бироқ унга тикилиб турган юз минглаб кишининг умидларини оқлай оладиган даражада эмас эди. У ёлғиз эди. Кўп хатоларга ҳам йўл қўйди Ельцин. У йўл қўйган хатолардан бири Чеченистон урушидир балки.

Россияликлар умидларини тўла оқлай олмаганини унинг ўзи ҳам тушунар эди. Ҳар ҳолда 1999 йил 31 декабрь оқшомида халқдан узрни у шунчаки, кўнгил учун сўрамаган бўлса керак.

“Мен сиздан узр сўрашни истайман. Кўплаб орзуларингиз ушалмагани учун, бизга жуда осон бўлиб кўринган нарсалар аслида азобли мушкулот бўлиб чиққани учун сиздан узр сўрайман”, - дегани Б.Ельцин.

Бундан 7 йил аввал сўралган узр бугун, Борис Ельцин жойига қўйилган кунда янада чуқурроқ маъно касб этгандай. Ельцин гўёки ортида қолаётганлардан розилик сўраётгандай.

Мен сиздан узр сўрашни истайман...
XS
SM
MD
LG