Линклар

С.Шерматова: “Ўзбекистонда қатағон тегирмони ишлаяпти”

  • Алишер Сиддиқ

Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматини олқишлагани ҳукуматни Андижондаги қонли воқеалар қурбонлари ҳақида дунёга ошкор этган Гулбаҳор Тўраевага қамоқ жазоси тайинлашдан тўхтатмади.

ЕИ Ўзбекистон билан тезроқ инсон ҳуқуқлари масаласида имкон қадар тезроқ мулоқот бошлаш ниятида. Аммо инсон ҳуқуқларини поймол этишда айбланаётган Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ички сиёсатини халқаро талабларга мувофиқлаштираётгани кузатилмаётир.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни атайин таранглаштиряпти, дейдиганлар ҳам бор.

ЕИ Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласида “мунтазам ва муайян мақсадларга қаратилган” мулоқотлар вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонади ва бундай мулоқотга розилик берган Ўзбекистон ҳукуматини олқишлади. Аммо Ўзбекистон ичкарисидан ЕИга ижобий муждалар келмаётир. Г.Тўраеванинг қамалиши ҳам бунга бир мисол.

Москвалик журналист Санобар Шерматованинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ички ва ташқи сиёсатидаги номувофиқлик яққол кўзга ташланади.

“У ерда қатағон тегирмони ишга тушурилган, тегирмон эса тўхтамайди. Бошқа томондан, журналист Умида Ниёзова ҳам, Гулбаҳор Тўраева ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганига далил келтириш керак бўлган бир вазиятда озод этилиши мумкин”, - дейди С.Шерматова.

АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан демократияни тарғиб этувчи сиёсати муваффақиятсизликка юз тутгандан сўнг ЕИ ўзини айни бўшлиқни тўлдираётган куч сифатида тақдим этмоқда.

“Бироқ Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ҳам номувофиқликларга дуч келяпмиз,- дейди ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел. - Ўзбекистон оғриқли бир тарзда олдинга қадам қўймоқда. Улар ўзи истамаган ҳолда Андижон воқеаларини текшириш гуруҳини тузишга розилик берган эди. Улар ёки дейлик улардан айримлари бу текширувни расмиятчиликка айлантириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Лекин биз аҳмоқ эмасмиз. Аҳмоқ бўлиб қолишни ҳам истамаймиз”.

ЕИ расмийсининг таъкидлашича, агар мамлакатда ривожланиш бўлганда эди, улар билан ҳеч ким танқидий мулоқот олиб бормаган бўларди.

“Лекин Ўзбекистонни назар-писанд қилмай, ҳеч нарсага эриша олмагандан кўра, энди ҳаракат қилиб кўрганимиз яхшироқ”, - дейди у.

Лондондаги Халқаро масалалар бўйича қироллик институти таҳлилчиси, Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассис Ширин Акинер фикрича, Ўзбекистонга нисбатан сиёсат юритишда ЕИ ўзи учун устивор йўналишларни белгилаб олиши зарур.

“Бир саватга инсон ҳуқуқлари, демократия, энергетика ва хавфсизликни солиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, - дейди у. - Менимча, Ғарбда узоқ вақт давомида шартларни биз қўямиз, деган фикр мустаҳкамланган. Бироқ давр ўзгаряпти. Улар энди ўзи учун устивор билган масаладагина олға силжиши мумкин”.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ички ва ташқи сиёсатида номувофиқлик бўлса ҳам атрофда иқтисодий манфаатлари учун бунга кўз юма оладиган давлатлар кўп.

Буни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам ўзининг Брюсселдаги ҳамкасбларига уқтирмоқчи бўлганди.

ЕИ ҳозир ўзининг Марказий Осиё бўйича стратегияси лойиҳасини маромига етказганича йўқ.

Вашингтонда яшаётган таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов ЕИ мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш учун Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни яхшилаш ҳақида жиддий ўйлаб кўриши зарурлигини билдирди. Аммо шунда қатағон тегирмони бир кун келиб ўз-ўзидан тўхтаб қоладими?

ЕИ вакили Пьер Морел бугунги кунда ҳатто бир одамни қамоқдан чиқариш катта машаққат экани айтади.
XS
SM
MD
LG