Линклар

В.Путиннинг сўнгги йиллик мурожаати

  • Барно Анвар

Россия президенти Владимир Путин 26 апрель куни Федерал Мажлисда анъанавий йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирди. Мурожаат давомида анча жиддий баёнотлар ҳам янгради.

В.Путин йиллик мурожаатини мамлакатнинг биринчи президенти Борис Ельциннинг тарихда қолдирган ҳиссасидан бошлади ва йиғилганларни унинг хотирасига бир дақиқа сукут сақлашга чақирди.

Кейин эса сўнгги бир йил давомида Россия эришган ютуқлар ва келгуси режалардан гапириб, мамлакат дунёнинг ривожланган ўнта давлати сафига киргани ўтган йил давомида эришилган энг катта ютуқ бўлганини эътироф этди.

“Мамлакатдаги вазият мунтазам равишда, секинлик билан бўлса-да, аммо охир-оқибатда қадам-бақадам яхши томонга ўзгара бошлади. Ҳозир Россия узоқ йиллар давомида ишлаб чиқаришдаги ортга кетишни нафақат тўхтатди, балки дунёнинг ривожланган илк ўнталигига кирди”, - деди В.Путин.

Шунингдек, у Россиянинг асосий бойлиги бўлмиш нефть эвазига келаётган маблағни оддий россияликларнинг турмуш фаровонлигини оширишга йўналтириш, мактабларни замонавийлаштириш, пенсия тизимини мукаммаллаштиришга сарфлаш ҳақида гапирди, транспорт, авиация, балиқчилик ва нанотехнология соҳалари бўйича янги ислоҳотларни ваъда қилди.

Энергетика соҳасида сўзлай туриб, президент Путин Россия атом электр станцияларини бошқарувчи махсус ядровий корпорация тузиш ниятини билдирди.

Аслида В.Путиннинг бу йилги мурожаати унинг икки муддатдаги президентлик фаолияти тўғрисида ҳисобот шаклида бўлиши кутилган эди. Аммо, аксинча, президент келгуси режалар ҳақида кўпроқ гапирди.

Россия президентининг йиллик мурожаати асосий қисмини эса бу йил сиёсий мухолифат ва Путин тили билан айтганда, “Россиянинг ички сиёсатига аралашаётган хорижий давлатлар” ҳақида кескин танқидий фикрлар эгаллади. Аммо Россия барқарорлигию ривожига таҳдид солишни истовчи кимсалар ким ва қайси давлатлар экани ҳақида у аниқ гапирмади.

“Мамлакатимизнинг барқарор ва илдам ривожланиш ҳаммага ҳам ёқмаслиги аён. Сохта демократик сўзбозликни усталик билан қўллай туриб, яқин ўтмишни қайтаришни истовчилар ҳам бор. Айримлар худди аввалгидек жазосиз равишда халқ бойлиги, давлат мулкини ўғирлаш истагида. Бошқалар эса мамлакатимизни иқтисодий ва сиёсий мустақилликдан айириш ҳаракатида”, - деди В.Путин.

Айни вақтда президент Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномани НАТОга аъзо барча давлатлар имзоламагунга қадар унинг бажарилишига мораторий жорий этишни таклиф қилди.

“НАТОга янги аъзо Словакия ва Болтиқбўйи мамлакатлари, альянс билан келишиб олишимизга қарамай, мазкур шартномага умуман қўшилмаган. Бу, ўз навбатида, бизга олдиндан айтиб бўлмайдиган жиддий хавф солмоқда. НАТОга аъзо барча давлатлар бу шартномани ратификация қилмагунча, унинг Россия томонидан бажарилишига мораторий эълон қилишни мақсадга мувофиқ ҳисоблайман”, - деди В.Путин.

Россия президенти тилга олган сўнгги муҳим масала эса 2008 йилда кутилаётган президент сайлови тўғрисида бўлди.

“2008 йилнинг баҳорида президентлик ваколатим муддати тугайди. Федерал мажлисда кейинги йиллик мурожаатни энди давлатнинг янги раҳбаридан эшитасиз”, - деди президент мурожаат якунида.
XS
SM
MD
LG