Линклар

Жорж Бушнинг ветоси Конгрессни чўчитмади

  • Сарвар Усмон

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Ироқдаги ҳарбий амалиётларни молиялаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатда Америка ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш графиги ҳам белгиланган.

Лойиҳаси Вакиллар палатаси тасдиғидан ўтган қонунга биноан Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий операцияларни молиялаш учун қўшимча равишда 124 миллиард доллар ажратилади. Шунча маблағ ажратишни президент Жорж Буш сўраган эди.

Маблағ бериладиган бўлди. Фақат битта шарт билан: Америка ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш жорий йилнинг 1 октябридан бошланиши лозим.

Бундай талаб битилган ҳужжатни қўллаб 218 конгрессмен овоз берди. Конгресс аъзоларидан 208 нафари эса қонун лойиҳасини қўлламади.

“Ҳарбийларимиз зиммасига ҳаддан зиёд вазифани юклар эканмиз, Ироқдаги уруш америкаликларнинг ўзини ҳимоялаш имкониятларига путур етказмоқда. Ироқдаги ҳарбий амалиётлар АҚШнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатни халқаро терроризм хавфидан мудофаа қилиш имконимизни чеклаб қўймоқда”, - деди Вакиллар палатаси раиси, демократ Нэнси Пелоси.

У президент Жорж Бушни Вакиллар палатаси маъқуллаган қонунни имзолашга даъват қилди.

Палата раиси фикрича, бу қонун кучга киргудек бўлса, “америкаликларга реал хавф солиб турган терроризмга қарши курашда ғалабага эришиш учун диққатни жамлашга имкон пайдо бўлади”.

Қонун лойиҳасини Сенат жорий ҳафта охиригача кўриб чиқади.

Конгрессда кўпчиликни ташкил қиладиган демократлар қонун Сенат муҳокамасидан ўтгач, 1 май куни уни президент тасдиғига киритишни мўлжаллаб турибди. Бу сана белгилангани бежиз эмас. Чунки бундан 4 йил муқаддам, 2003 йил 1 майда президент Жорж Буш “Авраам Линкольн” кемаси бортида туриб, Ироқ урушининг асосий босқичи якунига етганини эълон қилган эди.

АҚШ ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш тарафдори бўлган демократлар америкаликлар ўртасида ўтказилган сўнгги сўров натижалари ҳам ҳақ эканликларини кўрсатиб турганини айтмоқда.

Натижалар эса америкаликларнинг 56 фоизи ҳарбийларни Ироқдан олиб чиқиш тарафдори эканини билдирганини, 36 фоизи ҳозирча шошмай туриш керак, деган фикрдалигини кўрсатди.

Конгрессда озчиликни ташкил қилувчи республикачилар лидери Жон Байнер чоршанба кунги музокараларда ҳарбийларни Ироқдан олиб чиқиш муддатини ҳозирдан белгилаб қўйишга қарши чиққанлардан биридир.

“Биз Ироқдан худди Ливандан, Вьетнамдан, Сомалидан чиққандек чиқишимиз мумкин ва ортимизда беқарорлик қолдирамиз”, - деди конгрессмен.

Хўш, қонунни президент Буш имзолайдими?

Бу саволнинг жавоби “Ҳа”дан кўра кўпроқ “Йўқ”дир. Чунки у шу пайтгача агар шундай қонун қабул қилингудай бўлса, унга вето қўяжаги тўғрисида бир неча бор айтиб ўтган.

Демократлар Конгресснинг ҳар иккала палатасида кўпчилик ўринларни эгаллаб турган бўлса-да, президент ветосини бекор қилиш учун етарли овозга эга эмас.
XS
SM
MD
LG