Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Ўзбекистонда Интернет устидан назорат кучаймоқда


Яқин вақт ичида Ўзбекистонда нафақат маълум бир компютерни¸ балки интернетдан фойдаланувчиларнинг барчасини ëппасига кузатиш тизими ишга тушади. Бошқача қилиб айтганда¸ Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни энди виртуал оламда ҳам таъқиб қилса бўлади.

Хукумат идоралари бир жойдан туриб¸ интернетдан фойдаланувчининг жойи¸ қайси интернет сайтларига киргани¸ интернет орқали амалга оширадиган банк операциялар ва ахборот алмашинувини кузата олади.

“Оператив-қидирув тадбирлари тизими”¸ деб номланувчи бундай тизим янги эмас. Ўн йил муқаддам пайдо бўлган ушбу дастур МДҲ ҳудудида Россияда ўрнатилган. Интернет юзерлари эса¸ бундай тизимни тадбиқ этиш фуқароларнинг эркинлигига тажовуз деб баҳоламоқда.

Оператив-қидирув тадбирлари тизими бугунги кунда АҚШ¸ Австралия¸ Янги Зелландия¸ Буюк Британияда кенг қўлланиб келинади.

Оператив-қидирув тадбирлари тизими номли бу программа ўн йил муқаддам ишлаб чиқилган эди. Мазкур дастур Россияда тадбиқ этилган ва Федерал хавфсизлик хизмати¸ солиқ ва божхона идоралари ходимларига интернетни мониторинг қилиш ҳуқуқини беради.

Ўзга фикрловчиларни интернетда назорат қилиш тизими Хитойда ҳам кенг қўлланади. Кузатувчиларга кўра¸ расмий Пекиннинг бугунги кундаги асосий қуроли ҳам айни тизимни такомиллаштиришдир.

Тибет¸ Тянан-Мен майдонидаги воқеалар¸ Уйғурлар мавзуси хукумат учун ëнг нозик масала саналади. У ëки бу шахс интернетда юқорида тилга олинган сўзларни терса¸ тез вақт ичида унинг қаердалиги аниқланиб¸ хуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб кетилади.

CNN телекомпаниясининг Пекин бюроси мухбири Жейми Фло Круз гапиради:

“Ҳақиқатан ҳам Хитой хукумати интернет юзерларини назорат қиладиган тизимни кучайтирган. Кўпчилик бу тизимни Хитой буюк девори¸ деб атайди.Шундай экан¸ хукумат сиëсатига қарши фикрларни акс эттирувчи сайтлар манзилини терсангиз¸ дарҳол блок қилинади”, - деди суҳбатдошимиз.

Кузатувчиларни Ўзбекистонда ҳам интернет назорати системаси тадбиқ этилиши хавотирга солмоқда. Уларга кўра¸ бу иш амалга оширилса Ўзбекистондаги интернет юзерлари ўзларини ҳозиргидек эркин хис қила олмайди. Чунки¸ интернетда амалга оширилган ҳар бир ҳаракат махсус идора ходимлари томонидан кузатилади.

Аммо Ўзбектелеком акциядорлик компаниясининг ахборот-хавсизлик бўлими ходими бундай маълумотларни асоссиз¸ деб билади:

“Бундай нарсанинг иложи йўқ. Ҳаммани назорат қилишни имкони борми? Ўзиз ўйлаб кўринг¸ кунига қанча одам интернетдан фойдаланади. Буни ҳеч ҳам иложи йўқ. Тўғри фарғона.ру каби сайтлар блок қилинган бизда. Бунинг иложи бор. Аммо нима ҳақида гаплашаëтганиз ва ҳоказоларни аниқлашнинг иложи йўқ”, - дейди Ўзбектелеком ходими.

Биз бу ҳақда балки провайдерларга хабар берилгандир¸ деган ўй билан Ўзбекистондаги интернет провайдерларидан бирига қўнғироқ қилганимизда идоранинг техникавий таъминот бўлими ходими “Билмадим! Бизга ҳали бу ҳақда ҳеч нарса дейишмади”, - деб айтди.
Лекин¸ суҳбатдошимиз интернет юзерларини назорат қилиш муаммо эмаслигини айтди.

“Агар уларда доимий IP манзил бўлса уларни назорат қилса бўлади. Қайси сайтга кирди¸ қандай маълумотни олди ва ҳоказо. Лекин катта машшақатни талаб қилади. Бунга катта манба ва кўп иш кучи керак. Назорат қилиш учун кўплаб мутахассисларни жалб қилиш лозим”, - деди интернет провайдерлардан бирининг ходими.

Суҳбатдошимиздан¸ ҳозир аслида бу сиз ҳам ҳукумат кўз қарашини ифодаламайдиган мустақил интернет сайтларга кириш имкону йўқ-ку¸ деб сўраганимизда:

“Биз ҳам интернетни Ўзбектелекомдан оламиз.Балки¸ юқоридагилар сиз айтаётган сайтларга йўлларни ëпиб қўйган. Буни ҳеч ким айта олмайди. Шахсан бундан менинг хабарим йўқ. Аммо назорат бор. Текширилиши керак деб ўйлайман. Қаердан биласиз кимнинг нима қилаëтганини? Балки¸ давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни юбораëтгандир”, - дейди интернет провайдерларидан бирининг ходими.

Европа давлатларидан бирида таҳсил олувчи ўзбекистонлик Нилуфар биз билан суҳбатда ўзи шундоқ ҳам интернетдаги мустақил сайтларга кириш Ўзбекистонда таъқиқлаб қўйилганини айтади:

“Бухорода¸ Тошкентда бўлган пайтимда айрим мустақил сайтларни оча олмадим. Ҳорижда бу сайтларни очиш мумкин. Ўзбекистонда эса¸ йўқ”.

Кузатувчиларга кўра¸ ўта махфий ҳисобланган бундай тизимнинг қўллана бошланишини Ўзбекистон ҳукумати яшириши мумкин. Аммо мамлакатдаги бугунги сиëсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим таҳлилчилар бундай тизимнинг қўлланмаслигидан кўра¸ қўлланишига ишонадиган одамларнинг сони кўп¸ деган фикрда.
XS
SM
MD
LG