Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:53

Умиданинг суди пинҳона бошланди


"Озодлик" http://gdb.rferl.org/553EFA04-673A-40A7-BD53-801F7AB9AD04_w203.jpg 30 апрель куни Тошкент шаҳри Сирғали тумани жиноят ишлари судида мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзова устидан пинҳона, ими-жимида суд бошланди.

У.Ниёзованинг суд залига зўрға кирган холаси Шафоатнинг айтишича, суд мажлиси расман ёпиқ, деб эълон қилинмаган бўлса-да, амалда мутлақ ёпиқ тарзда ўтказилмоқда. Умида прокурорнинг саволларига дадил-дадил жавоб бераётир.

У.Ниёзова устидан суд 19 апрель куни бошланиши керак эди. Бироқ у номаълум сабабларга кўра қолдирилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов судни кузатишга келганларнинг кўплиги расмийларни чўчитиб қўйгани учун улар суд мажлисини бошқа кунга кўчирганини тахмин қилганди.

А.Турғунов суднинг 30 апрель куни ҳеч кимга билдирмай бошлаб юборилиши сабаби ҳам шунда эканини айтади.

“Умидага қўйилган айбларнинг асоссизлиги билиниб қолмаслиги учун суд эл кўзидан пинҳон ўтказилмоқда”, - дейди А.Турғунов.

Москвадаги “Оазис” журнали мухбири, 32 ёшли У.Ниëзова 22 январь куни Ўзбекистон транспорт прокуратураси томонидан ҳибсга олинган эди. У Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича - чегарадан ноқонуний ўтиш, контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда. Умиданинг ўзи ҳибсга олинган пайтда “Озодлик”ка берган интервьюсида бу айбловларнинг барчасини инкор қилган ва улар “бўҳтон” эканини айтганди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рейчел Денбер У.Ниёзованинг иши “халқаро ҳамжамият томонидан етарли босим сезмаётган Ўзбекистон ҳукуматининг сурбетлигига яна бир мисол”лигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматининг Умидани суд қилиш ниятидан ажабланмайман. Чунки улар Умида тақдирини мисол қилиб, бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини шу тарзда қўрқитмоқчи ва асосий фожеа ҳам ана шунда. Бу ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг Европа Иттифоқи босимини сезмаётганига бир мисолдир”, - деди Р.Денбер.

ҲРУнинг билдиришича, У.Ниëзовага қўйилган айблар сиëсий мотивга эга. ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни кучда қолдириш-қолдирмаслик масаласини кўриб чиқиши арафасида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ëмонлашишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG