Линклар

logo-print

Ҳюман Райтс Уотч: Ўзбекистон санкцияларга лойиқ

  • Озодлик

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўз баёнотида "Гулбаҳор Тўраеванининг олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши Ўзбекистон Европа Иттифоқи санкцияларига лойиқ давлат эканининг яна бир тасдиғидир", деб айтган.

Уч ой муқаддам ўзбек-қирғиз чегарасида Рауф Парфи ва Муҳаммад Солиҳ китоблари билан хибсга олинган Тўраева эмизикли боласи бўлишига қарамасдан ўтган хафта олти йилга хукм этилган эди.

Андижондаги маҳкама Гулбаҳор Тўраевани Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш ва туҳмат қилишда айбдор, деб топди.

"Гулбаҳор Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласига суст ёндашувидан руҳланган шафқатсиз хукуматнинг сўнгги қурбони бўлди", - деб билдирди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиёдаги дастури директори Холи Картнер.

Келаси ой Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 2005 йил 13 май Андижон воқеаларидан кейин жорий этган санкцияларини кучда қолдириш ва ё бекор қилиш юзасидан қарор бериши керак. Иттифоққа раислик қилиб келаётган Германия санкциялар қолдирилиши ва Тошкент ҳукумати билан мулоқот зарурати ҳақида гапириб келади. Хьюман Райтс Уотч эса ўз баёнотида Ўзбекистонда Тўраева ва бошқа қамалган фаоллар озод қилинмас экан, бу давлатга нисбатан санкциялар кучда қолдирилиши кераклигини таъкидлайди.

"Менимча Европа Иттифоқи ўз принципларига амал қилиши, Ўзбекистон билан музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини устивор қилиб қўйиши лозим", - дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рейчал Денбер.

Гулбаҳор Тўраева қарийб икки йил илгари Андижон ҳодисаларидан сўнг ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида хориж оммавий ахборот воситаларига берган интервьюлари билан танилганди.

У "Озодлик"ка берган сухбатида 13 май воқеалари пайти Андижондаги мактабларнинг бирида 500та ўликни ўз кўзи билан кўргани ҳақда айтганди.

"Санкциялар Ўзбекистонга қўйилган талаблар бажарилган, ўзбек қамоқхоналаридан ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар озод этилган тақдирда бекор қилиниши керак", - деди Рейчал Денбер.

Айни пайтда бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ўн йиллик қамоқ жазоси хафи қаршисида қолмоқда. Унинг иши Тошкент Сирғали туман судида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG