Линклар

logo-print

Давлат айбловчиси Умида Ниëзовага 8 йил қамоқ жазоси берилишини сўради

  • Озодлик

Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзова устидан ўтаëтган суднинг 1 май кунги мажлиси соат 11 да бошланди. Суд залида бўлган Умиданинг ҳоласи Шафоатнинг Озодлик мухбирига айтишича, давлат айбловчиси Мамедов¸ Умида Ниëзовага 8 йил қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Шафоатнинг айтишига кўра давлат айбловчисидан кейин Умида Ниëзовага сўнгги сўз берилган.

Умида Ниëзова ўзига қўйилган айбларни бўҳтон деб билишини ва ëш боласи бўлган бир аëлга саккиз йиллик қамоқ жазоси сўралишини шафқатсизлик деб атаган.

Биз Шафоат билан суҳбатлашган пайтда яъни 1 май Тошкент вақти билан 14. 25 да суд маслаҳат учун зални тарк этган эди.

“Умида устидан ҳукм ўқилишини кутяпмиз”, - деб¸ йиғи аралаш гапирди Шафоат. Суд мажисида гувоҳ сифатида иштирок этаëтган.

"Мазлум" ташкилоти фаоли Азамжон Турғуновга кўра, 1 май куни Умида Ниëзова суд қилинаëтган Тошкент Шаҳар Сирғали туман суди биноси олдига журналистлар¸ АҚШ ва Германия элчихоналари вакиллари ва кўп сондаги ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилган.

Суд мажлисига эса Умида Ниëзованинг адвокати Т. Давидова ва Умиданинг укаси Рустам ҳамда ҳоласи Шафоатнинг киришига руҳсат берилган ҳолос.

Умиданинг яна бир қариндошига суд залига кириш изни берилмади.

“Залдаги бошқа ўриндиқларда фуқаро кийимидаги МҲҲ ходимлари ўтиришар эди”, - деб маълум қилди Турғунов.

Шунингдек ХРВ вакили Андрае Берг судда гувоҳ сифатида иштирок қилмоқда.

АҚШ ва Германия элчихоналари вакилларига ҳам суд жараëнида иштирок этишга руҳсат берилмади. Азам Турғуновга кўра, суд бўлаëтган ҳудуд ҳам фуқаро кийимидаги МҲҲ ходимлари билан тўла. Умида устидан биринчи суд мажлиси 30 апрел куни пинҳона тарзда бошланган эди.

“Умидага қўйилган айбларнинг асоссизлиги билиниб қолмаслиги учун суд эл кўзидан пинҳон ўтказилмоқда”, - дейди Турғунов. Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни пойтахтнинг Жиноий ишлар бўйича Сирғали туман судида ўтиши керак бўлган биринчи маҳкама мажлиси номаълум муддатга қолдирилган эди.

Москвадаги “Оазиз” журнали мухбири 32 яшар Умида Ниëзова 22 январь куни Ўзбекистон транспорт прокуратураси томонидан ҳибсга олинган эди. У Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича - чегарадан ноқонуний ўтиш, контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда.

Умиданинг ўзи ҳибсга олинган пайтда “Озодлик”ка берган интервьюсида бу айбловларнинг барчасини инкор қилган ва улар “бўҳтон” эканини айтган эди. Умида Устидан ўтаëтган судга Тошкент шаҳар Жиноий ишлар бўйича суди судяси Низом Рустамов ҳакамлик қилмоқда. Айни дақиқаларда Умида Ниëзова устидан ҳукм ўқилиши қутилмоқда.
XS
SM
MD
LG