Линклар

logo-print

Россияда юз берган автохалокат оқибатида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди

  • Ҳасанжон

Россиянинг Воронеж областида юз берган автохалокат оқибатида ўндан ортиқ Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, мазкур мудҳиш воқеа 1 май куни саҳарда содир бўлган.

Воронеж области Ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси Борис Шепилов сешанбага ўтар кечаси вилоятнинг “Рогачёвка” қишлоғи яқинида юз берган автохалокат оқибатида ўндан ортиқ Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади:

“Воронеж области Новоусман туманида эрталаб соат учдан 40 дақиқа ўтганда “Рогачёвка” қишлоғида, Дон йўлининг 533-километрида “Вольво” русумидаги юк машинаси “Газель” автомобили билан тўқнашиб кетди. Саратовдан йўлга чиққан “Газль” машинасида 15 одам бўлган. Улардан 13 нафари халок бўлди, икки нафари жароҳатланди” – дейди Воронеж области Ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси.

Борис Шепилов “Газель” машинаси ҳайдовчисидан бошқа ҳамма йўловчи Ўзбекистон фуқароси бўлганини айтди:

“Иммиргация ҳужжатларидаги маълумотларга кўра, ҳайдовчи саратовлик, 14 йўловчининг ҳаммаси Ўзбекистон фуқароси бўлган. Халокат пайтида ҳайдовчи ҳам ўлган” – дейди Воронеж области Ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси Борис Шепилов.

Новоусман Ички ишлар бошқармаси навбатчиси автохалокат юк машинаси ҳайдовчиси айби билан содир бўлганини айтди:

“Ҳа, йўл транспорти ҳалокати бизнинг ҳудудда содир бўлди. “Газель” “Вольво” юк машинаси билан тўқнашиб кетди. “Вольво”нинг ҳайдовчиси қарши йўлга чиқиб кетгани натижасида юк машинаси ва “Газель” ўртасида тўқнашув юз берган” – дейди Новоусман Ички ишлар бошқармаси навбатчиси.

Аварияда қурбон бўлганлар шахсияти қандай аниқланди деган саволга Борис Шепилов:

“Уларда на паспортлар ва на бошқа ҳужжатлар бўлган. Уларда фақат миграцион ҳужжатлар бўлиб, уларнинг Ўзбекистон фуқаролари эканликлари ва паспорт рақамлари ёзилган. Ҳужжатда уларнинг суратлари йўқ. Улар қаердан келганлари номаълум. Аслида улар ким? Улар Саратовдан гастарбайтер сифатида йўлга чиқишганми ёки турист бўлибми, буниси номаълум” – дейди Воронеж области Ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси.

Автохалокат қурбонлари орасида аёллар ёки болалар борми, деган саволга Борис Шепилов:

“Уларнинг ҳаммаси эркак. Авария юз берган жойда текширув олиб борилаётгани учун ҳозирча воқеа тафсилотларини гапириб беришга тайёр эмасман. Айтишларича, халок бўлганлар 40 – 20 ёш ўрталаридаги эркаклар бўлган” – дейди Воронеж области Ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси Борис Шепилов.

Унга кўра, авария пайтида жароҳатланган икки ўзбекистонлик ва “Вольво” юк машинаси ҳайдовчиси касалхонага ётқизилган.
XS
SM
MD
LG