Линклар

Умида Ниëзова етти йилга озодликдан маҳрум қилинди

  • Абдулла Искандар

1 май куни Тошкент шаҳрининг Сирғали тумани жиноят ишлари суди мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзовани 7 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Ҳукм ўқилишида қатнашган мустақил журналист Сид Янишевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, суд ҳукмига кўра, Умида жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди. Суд У.Ниёзовага қўйилган барча уч айбловни асосли, деб топган.

“Суд Умиданинг икки ёшли боласи борлигини ҳам инобатга олмай, ана шундай адолатсиз жазо берди”, - деди У.Ниёзованинг холаси Шафоат.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан туман суди ҳукми юзасидан 10 кун ичида юқори инстанцияга шикоят қилиниши мумкин.

Судга АҚШ, Германия ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихоналари вакиллари ҳамда журналистлар киритилмади.

Эслатиб ўтамиз, У.Ниëзова устидан биринчи суд мажлиси 30 апрель куни пинҳона тарзда бошланган эди.

“Умидага қўйилган айбларнинг асоссизлиги билиниб қолмаслиги учун суд эл кўзидан пинҳон ўтказилди”, - деди судда қатнашган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов.
XS
SM
MD
LG