Линклар

Президент Жорж Буш Ироқдан АҚШ қўшинларини олиб чиқишни назарда тутган қонун лойиҳасига вето қўйди

  • Ҳасанжон

Президент Жорж Буш жорий йилда Ироқдан АҚШ қўшинларини олиб чиқа бошлаш ҳақидаги қонун лойиҳасига вето қўйди. Мухолифатдаги Демократик партия вакиллари ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатда Ироқ ва Афғонистондаги урушга 100 милллиард доллар ажратиш ҳам назарда тутилган эди.

Ироқдан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш ишларини жорий йил 1 октябрдан кечиктирмай бошлашни назарда тутган қонун лойиҳасини Конгрессда атиги тўрт нафар республикачи қўллаб-қувватлади. Мазкур ҳужжат 2008 йил 31 мартга қадар Ироқдан барча жанговар қўшинлар олиб чиқилишини кўзда тутган эди.

Президент Жорж Буш қўйган вето бекор қилиниши учун Конгресс аъзоларининг камида учдан икки қисми унга қарши овоз бериши керак. Аммо Демократлар бунча овозга эга эмас. Шу боис муроса қилиш учун икки партия вакилларининг президент билан музокара бошлаши кутилмоқда.

Жорж Буш миллий телевидение орқали қилган чиқишида ўз қарорини бундай изоҳлади:

“Қўшинлар қачон олиб чиқилишини душманга айтиш мантиққа тўғри келмайди. Агар бу маълум бўлса, террорчилар бор кучини сафарбар қилиб ҳукуматни ҳокимиятдан ағдаришга ва Ироқни ўз назоратига олишга ҳаракат қилади. Қўшинлар олиб чиқилиши муддатининг белгиланиши Ироқ халқига тушкунлик олиб келиши, Яқин Шарқ минтақасидаги қотилларни рағбатлантириши ҳамда Америка ўз ваъдасини бажармади, деган тушунчалар пайдо бўлишига сабаб бўлади, деб ўйлайман”, – дея баёнот берди президент Буш.

Ўтказилган сўров натижалари аксарият америкаликлар Ироқдан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тарафдори эканини кўрсатган. Демократик партия аъзоси бўлган Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси президент Буш қабул қилган қарорга бундай муносабат билдирди:

“Мен иккала палата қабул қилган ва Америка халқи томонидан оммавий қўллаб-қувватланган мазкур ҳужжатга президент муносиб ҳурмат билан қарашига умид қилган эдим. Бироқ бунинг акси бўлди. Президент қонун лойиҳасига дархол вето қўйди ва ҳужжатни очиқчасига нотўғри талқин қилди”, – деди Намояндалар палатаси раиси.

Энди икки партия вакиллари келаси кунлар ва ҳафталар ичида муросага келиш мушкул вазифа эканини эътироф қилмоқдалар. Чунки Конгресснинг иккала палатасини мухолифатдаги Демократик партия назорат қилади. Аммо ҳужжатни республикачи президент Жорж Буш имзолаши керак. Томонлар ўртасидаги келишмовчилик боис Ироқ ва Афғонистонга маблағ ажратиш жараёни тўхтаб қолди.

Аксарият демократлар урушни молиялаштириш ҳақидаги янги қонун лойиҳасида Ироқда муваффақиятга эриши талаби қўйилиши кераклиги, агар у бажарилмаса, қўшинлар олиб чиқилиши ёки мазҳаблараро зўравонлик камроқ кузатилаётган минтақалардан кўчирилиши керак, деган фикр билдирмоқда.

Муросанинг бошқа йўли президент Жорж Бушдан Ироқ ҳукумати қатор соҳаларда АҚШ билан тўлиқ ҳамкорлик қилаётганини ҳар ойда тасдиқлаб туришини талаб этади. Бу соҳалар Америка қўшинларига экстремистларни таъқиб қилишга рухсат бериш, Ироқдаги жанггари гуруҳларни қуролсизлантириш дастурини амалга ошириш ва нефт савдосидан тушаётган даромаднинг адолатли тақсимланишини ўз ичига олади.
XS
SM
MD
LG