Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Асакада янги автомобиллар чиқадими?


Тошкентга сафар уюштирган “General Motors-DAEWOO Auto and Technology” автоконцерни раҳбари Майкл Грималдини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсаройда қабул қилди.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида “икки президент учрашуви” сифатида тақдим қилинаётган бу сўзлашувлар натижасида “General Motors-DAT” ва “Ўзавтосаноат” давлат акциядорлик компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.

32 давлатда автомобиль ишлаб чиқарадиган ва 192 мамлакатда ўз маҳсулотини сотадиган “General Motors” корпорациясининг Жанубий Кореядаги тармоғи — “General Motors-DAEWOO Auto and Technology” концерни раҳбарининг Ўзбекистонга сафари айни корхонанинг Марказий Осиё бозорида ўзига мустаҳкам йўл очиш томон жиддий қадамларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

МДҲ давлатлари ҳудудида, ҳозирча, асосан, Россиядаги автомобиль ишлаб чиқариш компаниялари билан ҳамкорлик қилаётган “General Motors” энди Марказий Осиё томон кириб бормоқчи ва таҳлилчилар фикрича, бундай ҳамкорликка Марказий Осиёда ягона саналган “ЎзДЭУавто” корхонаси ҳам муҳтож.

Ҳозир фақат автомобиль йиғиш билан шуғулланаётган “ЎзДЭУавто” корхонаси раҳбарияти эса бундан буён асосий эътибор ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилишини таъкидламоқда.

“Ҳозир автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, яъни барча бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш устида иш боряпти. Заводнинг ўзида, унга қарашли кичик корхоналарда зарур эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Ҳозир заводни сотиш ёки бошқа масалалар ҳақида умуман гап бўлаётгани йўқ”, - деди “Ўзавтосаноат” компанияси матбуот котиби.

У ҳолда “General Motors-DAT” билан имзоланган келишув нимани англатади, қолаверса, бироз вақт муқаддам “General Motors” Асака заводини сотиб олиш ниятини билдирган эди ва мана энди уни мамлакат президенти шахсан қабул қилганидан маъно нима, деган саволга жавоб берган “Ўзавтосаноат” вакили: “Ҳозирча икки томон ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди, холос. Бу ҳамкорлик айнан нимадан иборатлиги ёки мисол учун, энди Асакадан чиқаётган автомобилларда GMDATнинг моторлари бўлади ёки GM моделлари дизайни бўлади, деб айтишга мутлақо эрта. Заводни сотиш тўғрисида эса, яна такрор айтаман, умуман гап бўлиши мумкин эмас”, - деди.

“ЎзДЭУавто” теграсидаги кейинги жараёнларда Ўзбекистон ҳукумати бу завод тўғрисидаги қарорини бир неча бор ўзгартиргани кузатилди. Бу эса заводга қизиқиш билдириб турган айрим йирик хориж компаниялари, жумладан, “Hunday Motors”нинг ҳам ҳафсаласини пир қилди.

Бироқ Ўзбекистон билан автомобиль саноатида ҳамкорлик қилиш фикридан ҳануз қайтмаган GMDAT автоконцерни раҳбарини бу гал президент И.Каримов шахсан қабул қилди ва учрашув чоғида Ўзбекистон раҳбари “General Motors” билан ҳамкорлик қадрланишини алоҳида таъкидлади.

“Энг муҳими, бу сафарингизга сизга Ўзбекистондагилар “General Motors” каби компания билан ҳамкорлик масъулияти ва бу ҳамкорлик олдига қўйган вазифаларни яхши тушунишини ҳис қилиш имконини беради”, - деди президент.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров бу вазиятни расмий Тошкент Асака заводи борасида бир қарорга келишга ва хорижлик харидорлардан бирининг этагидан тутишга мажбур бўлаётгани билан изоҳлайди. Бу эса “Женерал моторс” учун ҳам айни муаддо.

“Энг аввало, GMDAT концернининг Асака заводига қизиқиши унинг МДҲ ҳудудида яхши сотиладиган автомобилга эҳтиёжи борлиги билан боғлиқ. Асака заводида чиқарилаётган автомобиллар эса нархи ва қулайлиги билан МДҲ бозорида яхши ўрин эгаллаганини тан олиш керак. “ЎзДЭУавто” энди ўз моделларини замонавийлаштириш ва таннархни тушириш устида ишламоқда. “General Motors-DAT” ҳам бу мақсаддаги лойиҳаларда иштирок этишдан фақат ютади”, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Д.Поваров бу завод тақдирига оид музокараларда шахсан Ўзбекистон раҳбарининг иштироки “ЎзДЭУавто”нинг Фарғона водийсида тутган ўрни нақадар муҳим эканини англатишини айтади.

“Албатта, бу ҳамкорликдан кўзланган мақсадда сиёсий омил жуда муҳим. Асака заводи тақдири бутун Фарғона водийсидаги барқарорликка таъсир кўрсатади. Бу заводда 5 минг одам ишлайди. Бутун водий бўйлаб ишлаётган заводга тегишли кичик корхоналарда эса 40 мингга яқин одам меҳнат қилади. Асака заводи, бошқача айтганда, Фарғона водийсининг тирикчилигини тебратиб турибди. Водийдаги барқарорлик эса, айниқса, ҳозирги вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти учун жуда зарур”, - дейди Д.Поваров.

Аксар таҳлилчилар бу заруратни 2007 йил якунида кутилаётган президент сайлови ва бу сайловда Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми яшайдиган Фарғона водийсининг хотиржамлиги муҳим аҳамиятга эга экани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG