Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

Мухолифат етакчилари озод этилди, лекин...


Қирғизистонда мухолифатнинг ҳибсга олинган айрим етакчилари озодликка чиқарилганига қарамай, улар устидан қўзғатилган жиноят ишлари ҳаракатдан тўхтатилмади.

Бишкекда Бирлашган мухолифат фронтининг 11 апрелда бошланган норозилик митинги 19 апрель куни тартибсизликлар билан якун топган эди. Шундан сўнг мухолифат етакчилари, собиқ ички ишлар вазири Умурбек Сувоналиев, Умурбек Абдураҳмонов ва Адолат Айтикеев оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинганди.

Бироқ улар жамоатчилик босими, парламент талаби билан қамоқдан чиқарилган бўлса-да, Қирғизистон бош прокурори Элмурза Сотиболдиев қўзғатилган жиноят ишлари ҳаракатдан тўхатилмаслигини эълон қилди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари 19 апрель куни Бишкекда оммавий тартибсизлик бўлмагани, Бош прокуратура мухолифатчиларни ноқонуний қамоққа олганини айтмоқда. Айрим ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Бош прокуратурани инсон ҳуқуқларини бузганликда айблаб, судга бермоқчи.

“Қирғизистон қонунчилигида оммавий тартибсизлик, деган тушунча мавжуд. Оммавий тартибсизлик, деганда вайрон этишлар, ўт қўйишлар, инсон умрига таҳдидлар ва талончиликлар умумлашмаси тушунилади. 19 апрель куни эса бундай воқеалар бўлмади, фақат безорилик ҳолатлари кузатилди”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Бош прокурор Э.Сотиболдиев эса қирғиз матбуотига берган интервьюсида мухолифатни айблаш учун далил базаси етарли экани, бу борада уларга матбуот ёрдам бераётганини айтганди.

“Оммавий ахборот воситаларига раҳмат, улар ўша куни майдонда кўрганларини оқизмай-томизмай ёзмоқда. Бу эса биз учун далил-исбот базаси бўлиб хизмат қилади. Биз ана шу мақолаларни қирқиб олиб, жиноят ишига тиркамоқдамиз”, - деган эди бош прокурор.

Шунингдек, мухолифат ҳам оммавий ахборот воситаларига таянган ҳолда 19 апрелдаги тартибсизликларни ҳукуматнинг ўзи уюштирганини даъво қилмоқда.

Шундай қилиб, 19 апрель воқеаси ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирувчи омил бўлиб қолиши мумкин. Бу эса Қирғизистонда яна янги сиёсий бўҳронни бошлаб юборишидан ташвиш билдирилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова сўзларига кўра, бундай вазиятда ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам ўз айбини бўйнига олиши, мухолифат раҳбарларига қарши очилган жиноят ишлари бекор қилиниши зарур.

“Ҳозир сиёсий эрк керак. Бирлашган мухолифат фронти томонидан ҳам камчиликларга йўл қўйилди, ҳукумат ҳам бир қанча хатоликлар содир этди. Шунинг учун ҳам ҳар икки тараф ўз камчиликларини бўйнига олиши, шу билан муросага келиши лозим. Акс ҳолда мухолифат лидерларининг таъқиб қилиниши Қирғизистонда яна бир сиёсий бўҳронга сабаб бўлади”, - деди Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG