Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:58

ЕИ У.Ниёзова масаласида расмий муносабатини тайёрлаяпти


Мустақил журналист ва таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзованинг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилгани юзасидан халқаро ташкилотлар жиддий хавотир билдирмоқда.

Давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиш, контрабанда ва давлат тузумига таҳдид солувчи материалларни тайёршҳлаш ва тарқатишда айбланган У.Ниёзова устидан суд жуда шошилинч ўтказилган ва у 1 май куни 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Судда У.Ниёзова ўзига қўйилган айбни рад этди, бу жараён унинг журналистик ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлигини таъкидлади.

У.Ниёзовага нисбатан чиқарилган ҳукмни даставвал “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти қоралади ва уни адолатсиз ҳукм, деб атади. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари ўринбосари Рейчал Денбер: “Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этган санкцияларни қайта кўриб чиқиши арафасида эълон қилинган бу ҳукм Тошкент ҳукумати санкцияларга лойиқ эканини кўрсатмоқда”, - деди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти сўз эркинлиги мутлақо бўғиб ташланган Ўзбекистонда У.Ниёзованинг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилганидан ларзага келганини билдирди.

“7 йиллик қамоқ жазоси жуда узоқ муддат. Барчамиз биламизки, бу жазо унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ. Биз ҳам ҲРУ ва Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро қўмитасининг Умидани дарҳол озод этиш чақириқларига қўшиламиз. Агар ҳукумат бундай қилса, барчамизни ҳайрон қолдиради”, - деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Элса Видал.

Қароргоҳи Брюсселда жойлашган Европа журналистлари федерацияси У.Ниёзованинг таъқиб этилиши “авторитар ҳукумат тоқатсизлигининг ўта уятли бир кўриниши” эканини таъкидлади.

“Умидага берилган жазо ҳукуматнинг сўз эркинлигига мутлақо бефарқлигини намойиш этади. Журналистик фаолияти учунгина журналистни бунчалик хор қилиб бўлмайди”, - деди Европа журналистлари федерацияси бош котиби Айдан Уайт.

Унинг маълум қилишича, жорий ой охирида Халқаро журналистлар федерациясининг Москвада бўлиб ўтадиган йиллик анжуманида У.Ниёзова ва Ўзбекистонда таъқиб этилаётган бошқа журналистлар масаласи билан бир қаторда мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият танқид қилинади. Бу тадбирда дунёнинг 10 мингдан ортиқ етакчи журналисти иштирок этиши кутиляпти.

Лондондаги Халқаро Пен-клуб Умида Ниёзовани ўз фахрий аъзоси сифатида қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Пен-клуб вакили Ричард МакКэйн Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси қаршисида 12 май куни ўтказилиши режалаштирилаётган норозилик намойишида Умида Ниёзова, Гулбаҳор Тўраева ва руҳий хасталиклар шифохонасида мажбуран даволанаётган журналист Жамшид Каримовнинг озод этилиши талаб қилинишини билдирди.

ҲРУ У.Ниёзова, Г.Тўраева ва яна кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар дарҳол озод этилмас экан, Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкциялар ўз кучида қолиши лозим, деб ҳисоблайди.

ЕИнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Ўзбекистон суди У.Ниёзовага айбланган моддалари бўйича максимал жазо муддатини белгилади.

“ЕИ У.Ниёзова масаласида бир неча бор расмий Тошкентга демарш эълон қилган, - деди ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел. – Албатта, У.Ниёзова масаласини диққат билан кузатиб боряпмиз ва ҳозир биз Ўзбекистон ҳукуматига бу борада қандай жавоб қилишни муҳокама этмоқдамиз. Бу бўйича сўнгги муносабат ЕИга раислик қилаётган Германия томонидан билдирилади”.

ЕИнинг У.Ниёзова масаласида расмий муносабати 3 май куни эълон қилишини кутиляпти.

Мазкур муносабат Ўзбекистонга нисбатан келаси ойда кўриб чиқиладиган санкциялар тақдирига ҳам ишора қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG