Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:34

Давлатлараро олий кенгашдан умид катта


Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ва хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун ташкил этилган олий кенгаш ишидан ҳар икки томон катта манфаат кутмоқда.

Бу кенгашни ташкил этишга Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг Бишкекка расмий ташрифи давомида келишиб олинган эди. Бу тузилмани икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ҳузурида тузилган кенгаш бошқаради.

Қирғизистонлик таҳлилчилар фикрича, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида ташкил этилган давлатлараро олий кенгаш интеграция томон ташланган иккинчи қадамдир. Бир неча йил аввал икки давлат ўртасида имзоланган абадий дўстлик шартномаси, 2003 йилдаги иттифоқчилик шартномаси интеграция сари биринчи қадам бўлган эди. Янги тузилма фаолиятидан ҳар икки давлат манфаатдордир. Қирғизистон бу тузилма орқали Қозоғистондаги қирғиз мигрантларига шароит яратишни, қўшни давлатдан транспорт йўлаги очишни ва сармояларни жалб қилишни режалаштирган. Қозоғистон эса Марказий Осиё сув-энергетика консорциумини ташкил этишни, бу тизимга Тўқтағўл сув омборини бирлаштиришни умид қилаётган бўлиши мумкин. Негаки, бундан бир неча йил аввал Қозоғистон мана шундай таклифни кун тартибига қўйган, бироқ бу масала ҳал этилмай қолган эди.

Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги собиқ вакили Бозорбой Мамбетов таҳлилчиларнинг бу фикрларини тўғри, деб билади. Бироқ, унинг айтишича, таҳлилчиларнинг олий кенгаш икки давлат ўртасидаги интеграция сари ташланган иккинчи қадам бўлди, деган даъволари ноўриндир.

“Икки давлат ўртасида интеграцияга имитация бўляпти, холос. Аслида ҳеч нарса ҳал этилмаяпти. Россиядан Қозоғистондан кўра кўпроқ фойда кўряпмиз”, - дейди Бозорбой Мамбетов.

Унинг таъкидлашича, 2003 йилдаги шартномага асосан Қозоғистон қирғиз меҳнат мигрантларига қозоқ фуқароларига тенглаштирилган мақом берилишини, темир йўл тарифлари мувофиқланишини, газ ва нефть борасида камчиликлар бўлмаслигини ваъда қилган. Бироқ орадан олти ой ўтгач, бу шартнома бузилган.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Ўрозбек Молдалиев Қозоғистон нефтга бой бўлгани сабабли Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан ташқи кучларнинг геосиёсий босимига кўпроқ дуч келаётганини айтади.

“Қозоғистон ўзининг ёлғизланиб қолаётганини ҳис қилмоқда. Президент Назарбоев фақат интеграция орқалигина бу ташқи босимларга дош бера олишлигини сезмоқда”, - дейди Ўрозбек Молдалиев.

Сиёсатшунос сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг давлатлараро олий кенгашга қўшилишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Чунки Марказий Осиёда том маънода интеграция бўлиши учун ҳокимиятга сиёсатчиларнинг янги ва ёш авлоди келиши керак.
XS
SM
MD
LG