Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматини Умида Ниёзовани қўйиб юборишга чақирмоқда


3 май куни халқаро жамоатчилик жаҳон матбуоти эркинлиги санасини нишонланди. Мазкур байрам арафасида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист Умида Ниёзова Тошкент шаҳар Сирғали туман суди томонидан етти йилга озодликдан маҳрум этилди. 1 май куни ҳакамлар 22 январь куни ҳибсга олинган Умида Ниëзовани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича - чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, контрабанда ва давлат тузумига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор, деб топди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар, хусусан “Ҳюман Райтс Уотч”, қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар”, Брюсселдаги “Европа журналистлари федерацияси” ва бошқа ташкилотлар 32 яшар Умида Ниёзованинг журналистик фаолияти учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганини таъкидлаб, суд ҳукмини қоралади.

2 май куни АҚШ Давлат Департаменти ҳам Умида Ниёзовага қўйилган айбловлар сиёсий асосга эга эканини баён қилди.

“Дипломатик кузатувчилар (корпус вакиллари) ва журналистлар қатнашишига рухсат этилмаган, икки кун давомида шошилинч ўтказилган маҳкамада етти йиллик қамоқ жазосининг белгиланиши Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари фаоллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа аъзоларини қатағон қилишни давом эттираётганини англатади”, – дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Умида Ниёзова ишлаган “Фридом Хаус” ташкилоти ҳам унинг қамоқ жазосига ҳукм қилинганини кескин қоралаб:

“Фридом Хауч ташкилоти Ниёзова устидан ўтказилган маҳкама на эркин, на адолатли бўлди. Энди Тошкентдаги апелляция суди унинг иши юзасидан ўз ҳукмини чиқариши керак. Бизнингча, Ниёзовага қўйилган айбловлар соҳта ва сиёсий асосга эга. Бу унинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги фаолиятини тўхтатишга қаратилган. Биз Ниёзовани қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз ва яқин фурсатда озод этилишига умид қиламиз”, – деди “Фридом Хаус” ташкилоти матбуот котиби Аманда Абрамс.

ЕИ Президентлиги матбуот котиби жаноб Котхаус “Озодлик” радиосига йўллаган электрон мактубида, ЕИ Президентлиги Умида Ниёзова иши юзасидан ўз баёноти матнини Иттифоқнинг барча аъзолари билан муҳокама қилаётгани ва у яқин фурсатда Европа Иттифоқи томонидан расман эълон қилишини билдирди. ЕИ расмийлари мазкур баёнот матнини икки кундан бери муҳокама қиляпти.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Халқаро Амнистия” ташкилоти вакили Мейзи Вайшадинг ўз ташкилоти Умида Ниёзова озодликдан маҳрум этилганидан чуқур ташвишда эканини айтди:

“Халқаро Амнистия ташкилоти 1 май куни Умида Ниёзова 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини эшитиб жиддий хавотирга тушди. Айниқса, маҳкама жараёнининг халқаро андозаларга мос келмагани бизни чуқур ташвишга солди. Биз Умида Ниёзовани виждон асири, деб ҳисоблаймиз. Январ ойида ҳибсга олинганидан бери биз Умиданинг қўйиб юборилишини сўраб келяпмиз. Биз ҳозир ҳам Тошкент ҳукуматини Умидани озод этишга чақирамиз”, – деди Халқаро Амнистия вакили.

Дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи Британиядаги “Артикль 19” ташкилоти ҳам Умида Ниёзованинг узоқ муддатга қамалганини қоралаб баёнот эълон қилди:

“Умида Ниёзованинг етти йилга қамалиши қабул қилиб бўлмас ҳолдир. У чегара ортида туриб ахборот йиққани учун қамалди. Умида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида ахборот тарқатгани ва маълумот йиғишга урингани учун озодликдан маҳрум этилди. Ундаги маълумотлар миллий хавфсизликка таҳдид солмайди. Айниқса, суд ҳакамлари шавқатсиз ҳукм чиқаргани бизни чуқур ташвишга солди. Бу ҳукм хориж ахборот воситалари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганларнинг шундай кескин жазоланишига ишорага ўхшайди. Биз Умида Ниёзованинг қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қоралаймиз ва унинг озод этилишига чақирамиз”, – деди дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи Британиядаги “Артикль 19” ташкилоти вакили Федерика Трина.
XS
SM
MD
LG