Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:57

Ўзбекистоннинг навбатдаги фуқароси ёғоч қутида туғилди


Сурхондарёлик ёшгина аёл Россиянинг совуқ ўрмонларидан бирида узунлиги 2 метр, баландлиги 1,5 метр ёғоч қути ичида фарзанд кўрди.

Подмосковьедаги энг йирик Покров бозорида мева саралаб, пул топаётган аёл ўз юртдоши томонидан алданиб, Россияга олиб келинган юзлаб мардикорлардан бири.

“Уларни Зулфия исмли сурхондарёлик аёл 600 АҚШ долларида маош тўлайдиган тайёр иш бор, деб алдаб, Покров бозоригача олиб келган ва паспортларини олиб, ғойиб бўлган. Шундан буён улар Зулфияни қидиради, топа олмайди. Кетай деса, паспорт йўқ, тирикчилик қилай деса, иш йўқ. Шу шароитда ўрмонда, баҳорнинг шу совуқ кунларида туғилган гўдак бугун 11 кунлик бўлибди. Унга ва онасига ўзбекистонлик мардикорлар ёрдам беряпти, унга ёрдам берадиган бошқа манба йўқ”, - дейди Москва шаҳрида ишлаб юрган ўзбекистонлик аёл Ойсара.

На милиция, на Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан мадад борлигини айтади фарзанд кўрган аёл тақдиридан бохабар бошқа бир ўзбекистонлик мардикор.

“Милиционерлардан уларнинг ўзи қочади. Чунки қўрқади. Элчихонанинг эса яқинига йўлаб бўлмайди. Шу каби ҳужжатини ўғирлатган, кимдир тортиб олган одамлар турнақатор. Муаммоси ҳал бўлаётганлари ҳам кўп эмас. Кун эса ўтяпти, қорин тўйғазиш керак, пул топиш керак. Бунинг устига алданаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда”, - дейди самарқандлик Ҳакимжон.

“Озодлик” мухбирининг Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига кун давомида қилган мурожаатлари жавобсиз қолди. Ҳафталаб аризасини элчихонага топшира олмай юрганлар эса яна қўли юпқа юртдошларига ёрдамига умид қилиб, ўрмонга қайтмоқда.

“Баландлиги бир ярим метр, узунлиги 2 метрлик ёғоч қутининг тепасига целлофан ўралади, ичидан эса мато. Мана шу улардан айримларининг уйи. Шунинг ичида яшаб, қаноат қилиб уйга қайтишга пул топаётганлар кўп. Кимдир келади ва пора эвазига элчихонадан бир парча қоғоз қилиб беради. Шу билан эпласа, уйига етиб олади. Эплаб пул топа олмаса, шу ерда кун кўриб юришга маҳкум. Бу қутилар ичида ўзбекнинг боласи ҳам туғилди-ей, кимга дод дейсан!” - дейди Шокир исмли мардикор.

Россияда ўқиб юрган ёш талаба йигит Абдурашид, айниқса, Москва шаҳри кўчалари ва бозорларида ҳозир ўзбек ва тожик миллатига мансуб болалар ва аёллар сони кўпаяётганидан куйинади.

“Мактабнинг юқори синфида ўқийдиган болалар - бизнинг келажагимиз келиб олган Россияга. Келажагимиз бугун озарбойжон ва арманлар ортидан юкчи керакми, деб чопиб юрибди. Эркаклар-ку майли, аёллар кўпайган. Бозордаги расталар орасида ерга эгилиб мева саралайди. Иш берувчи эркалар орқасидан келиб шапатилайди, тегажоғлик қилади. Бу аёллар индай олмайди, чунки қўрқади”, - дейди Абдулла.

Россияда пул топиб юрган сурхондарёлик яна бир уста - Миржалол ўзи ва ўзидан ҳам оғир аҳволда Россияда юрган юртдошларининг азобли меҳнати эртага рўшнолик олиб келишига тобора умидсизлик билан қарамоқда.

“Мисол учун, бир миллион ўзбек Россияга келди, дейлик. Бир доллардан уйига пул жўнатганда, жами 1 миллион доллар бўлади. Лекин улар ўлдим деганда ойига 100, бўлмаса, 300-400 доллар пул жўнатади. Бу эса 300-400 миллион доллар деганими? Шунча йилдан бери Ўзбекистонга қанча пул кирди, ўзингиз ўйланг?! Аммо Ўзбекистоннинг ҳеч косаси оқармайди, “пул жўнат, пул жўнат” тугамайди. Бошқаларни билмадим, мен болаларимни ўқитишни ният қилгандим. Бундай кетишда ниятимга етармиканман, деб кечалари уйқум қочади”, - дейди Миржалол.
XS
SM
MD
LG