Линклар

Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш масаласидаги халқаро анжуманнинг иккинчи куни хавфсизлик масаласига бағишланди


"Озодлик" Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида уюштирилган халқаро анжуманнинг иккинчи куни хавфсизлик масалаларига қаратилди. Йиғилиш қатнашчилари Ироқдаги мазҳаблараро зўравонликни тўхтатиш учун қўшни давлатлар қандай ёрдам кўрсата олиши масаласини муҳокама қилдилар. Кўпчилик диққати Ироқ бўҳронида асосий рол ўйнаётган АҚШ ва Эрон делегацияларига қаратилди. Бироқ икки мамлакат вакиллари ўртасида юзма-юз музокара ўтказилмади.

Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳридаги анжуманнинг иккинчи кунги йиғилишини Ироқ Бош вазири Нурий ал-Маликий қўшни давлатларга мурожаати билан очди:

“Диктаторлик тузуми ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин энди биз террор ташкилотларининг Ироқ ҳудудида паноҳ топишига йўл қўймаймиз. Бунинг учун биз террорчи гуруҳларнинг Ироққа кириб келиши, уларни молиявий, сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ахборот билан таъминлашни тўхтатиш кераклигини қўшни давлатлардан талаб қилишимиз керак бўлади. Бу Араб давлатлари Ички ишлар вазирлари ҳамда Ироққа қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашувларида ўзаро келишилган”, – деди Ироқ Бош вазири.

Нурий ал-Маликий терроризмни қўллаб-қувватлаш ҳеч бир томонга наф келтирмаслиги, бунинг оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Вашингтон расмийлари Эронни Америка қўшинларига қаршилик кўрсатиш учун Ироқдаги жанггари шиа гуруҳларини қуроллар ва пул билан таъминлаётганликда айблаб келмоқда. Вашингтон Сурияни жанггарилар Ироқ ҳудудига ўтишига қарши чора кўрмаётганлик ва исёнчи сунний гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Ироқнинг барча қўшнилари Ироқ ички ишларига аралашаётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда.

3 май куни АҚШ Давлат Котиб Кондолиза Райс Сурия Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим билан анжумандан ташқари музокара ўтказиб террорчиларнинг Сурия орқали Ироққа кириб келишини тўхтатиш масаласини муҳокама қилди. Райс хоним Эрон ҳам шундай йўл тутишига умид билдирди:

“Мен Эрон ўзи таъкидлаганидек, экстремистлар қўлига қуроллар етиб боришини тўхтатиш чораларини кўришига чин дилдан умид қиламан. Экстремистлар бизнинг кучларимизга зарар етказиш ва ироқлик тинч аҳолинини ўлдиришда ўша қуроллардан фойдаланмоқда. Мен эронликлар терроризмни қўллаб-қувватлашни тўхтатишига умид қиламан”, – деди АҚШ Давлат котиби.

Анжуман давомида АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида юзма-юз музокара бўлмади. Йиғилишнинг биринчи кунида унинг қатнашчилари собиқ президент Саддам Ҳусайн давридан қолган 56 миллиард Ироқ ташқи қарзининг 32 миллиадидан воз кечишни ваъда қилдилар.

4 май куни анжуманда чиқиш қилган БМТ Бош котиби Бан Ги Мун Ироқдаги вазиятни яхшилаш борасида бундай деди:

“Ироқда хавфсизликни фақат ҳарбий йўл орқали таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун Курдистон тоғларидан Бағдодга қадар миллий ярашув, мазҳаблараро кескинликни юмшатиш, миллий бирликни мустаҳкамлаш учун биргаликда саъй ҳаракат қилиш лозим”, – дея баёнот берди БМТ Бош котиби.
Араб Лигаси Бош котиби Амр Муса ироқликларни бирликка даъват қилиб, мамлакатни қайта тиклаш жараёнида фаол қатнашишга чақирди:

“Мен Ироқдаги биродарларимни ироқликлар ўз уйларига қайтишлари, учун ушбу муҳим мамлакатни ажойиб келажак сари етаклаш жараёнига етакчилик қилишга чақираман. Келажакда ироқликлар мамлакат бойликларидан баҳраманд бўлишлари керак. Бу юртда суннийлар ва шиалар бир-бирларини камситмаслиги керак”, – деди Араб Лигаси Бош котиби Амр Муса.
XS
SM
MD
LG