Линклар

logo-print

ЕИ У.Ниёзова қамалгани юзасидан чуқур ташвишда

  • Озодлик

Европа Иттифоқига раислик қилаётган Германия кейинги 10 кун ичида Ўзбекистон ҳукумати икки ҳуқуқ ҳимоячисини қамагани хусусида чуқур ташвиш билдирди.

“ЕИ 24 апрель куни Гулбаҳор Тўраева олти йилга, 1 май куни эса Умида Ниёзова етти йилга қамалгани ҳақидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилди”, - дейилади жума куни ЕИнинг амалдаги раиси Германия томонидан эълон қилинган баёнотда.

Шунингдек, баёнотда суд жараёнларига халқаро кузатувчилар қўйилмаганидан ҳам афсус билдирилади.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳволидан ташвишда бўлган ЕИ Ўзбекистон ҳукуматидан дарҳол мазкур икки ишни қайта кўриб чиқишни, халқаро инсон ҳуқуқлари тамойиллари бўйича ўз зиммаcига олган масъулиятларга асосланиб, тегишли ва адолатли суд принципларини ҳурмат қилишни сўраган. ЕИ Ўзбекистон ҳукуматини бу икки аёлнинг ўз қариндошлари ва адвокатлари билан бемалол учраша олишига имкон беришга чақирган.

“ЕИ 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин жорий қилинган санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиши олдидан мулоқотга розилик берган бир пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг бу икки аёлга берилган жазо ҳукмлари ташвишлидир”, - дейилади баёнотда.

Айни пайтда ЕИ расмий идораларида рўй бераётган жараёнларни ёритиб борувчи EUOBSERVER Интернет нашрида эълон қилинган мақолада ёзилишича, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган мажлисларда Германия Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатиш ғоясини илгари суришда давом этмоқда.

2 май куни ўтказилган ёпиқ мажлисдан кейин ЕИнинг ўз номи ошкор қилинишини истамаган расмийси EUOBSERVERга берган интервьюсида: “Мазкур масала бўйича муросага эришилмади. Баъзи мамлакатлар Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш бўйича жиддий қадамлар қўйилмади, шунинг учун санкцияларни юмшатишга ҳеч қандай асослар йўқ, деган фикрда, тузилманинг бошқа аъзолари эса санкциялар самара бермаётгани, шунинг учун уларни олиб ташлаш кераклигини айтмоқда”, - деди.

ЕИ расмийси сўзларига кўра, санкцияларни кучда қолдириш лозимлигини таъкидлаётган ЕИ мамлакатлари сирасига Буюк Британия, Нидерландия, Швеция, Дания, Чехия ва Словакия киради. “Самарасиз” санкцияларни олиб ташлашни истаган мамлакатлар эса Германия, Франция, Испания ва Италиядир.

ЕИ Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга розилик бермаган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан 2005 йилнинг ноябрида жазо санкцияларини жорий қилган. Бир йил ўтиб, бу санкциялар бироз юмшатилган ҳолда ўз кучида қолдирилди. Кучда қолган жазо чоралари Андижонда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилишига масъул, деб кўрилган Ўзбекистон мулозимларига виза чеклови ва қурол эмбаргосини кўзда тутади.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан янгича муносабатларни ўрнатиш ғоясини илгари сураётган Германия ЕИ раислигини қўлга киритгандан бери санкцияларнинг бекор қилинишига зўр бериб уриниб келяпти.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Германия бўлими раҳбари Мария Ҳюваген Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган икки аёлни қамагани Германияни қийин аҳволга солиб қўйганини айтади.

“Менимча, Германия Ташқи ишлар вазирлиги бу масалада чекинаётганга ўхшайди. Германия ҳукумати бундан буён расмий даражада санкцияларни бекор қилиш таклифини илгари суришда давом этади, деб ўйламайман. Сўнгги икки ҳафта ичида икки ҳуқуқ ҳимоячиси қамалиши, менимча, Германия Ташқи ишлар вазирлигидаги баъзи амалдорларнинг ҳам ғазабини келтирган. Вазирликдаги манбалардан билишимча, кейинги икки ҳафта ичида рўй берган воқеалардан кейин Германия бундан кейин санкцияларни бекор қилиш фикридан қайтади”, - дейди ҲРУ вакили.

Чоршанба куни эса ЕИ парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси оддий инсонлар билан учрашиб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини муҳокама қилди.

Унда қатнашган Еврокомиссиянинг Германиядаги вакили Ролф Тиманс Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот олиб боришда реалист бўлиши кераклигини, яъни ҳукумат сиёсий маҳбусларнинг барчасини дарҳол озод қила олмаслигини таъкидлаган.

Р.Тиманс овози ёзиб олинмаслиги шарти билан “Озодлик” радиосига интервью беришга рози бўлди. Бу суҳбат давомида Р.Тиманс сиёсий маҳбуслар ишини кўриб чиқишга маълум вақт талаб этилиши ва Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот эндигина бошланаётгани, шунинг учун улардан дарҳол барча сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади.

Лекин, деди ЕИнинг германиялик вакили, сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини талаб қилиб, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш керак.

“Ҳьюман райтс уотч” вакиласи Мария Ҳюваген эса сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби Ўзбекистон билан мулоқотни бошлашдан аввал қўйилиши лозимлигини айтади.

“Фикримизча, Ўзбекистон ҳукумати дарҳол, ҳар қандай мулоқот бошланишидан аввал барча сиёсий маҳбусларни озод қилиши керак, бу маҳбуслар 14 май куни санкциялар масаласи ҳал этиладиган мажлисдан аввал озод этилиши лозим. ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаши лозимлиги ҳақида аниқ муждани юбормоғи шарт. Биз Берлинда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашганимизда, улар вазиятни яхшилашга уриняпмиз, деган қуруқ гапларни айтди. Лекин бу уринишларни биз сезмаяпмиз. Биз ЕИ бирор қарор қабул қилишдан аввал Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан ҳам вазиятни яхшилашга ҳаракат қилаётганини кўрмоқчимиз, лекин биз буни кўрмаяпмиз”, - дейди Мария Ҳюваген.

“Германия расмийсининг Ўзбекистонга вақт бериш керак, деган иддаолари эса куракда турмайди, чунки вақт ўтяпти, ўзбек сиёсий маҳбуслари учун қамоқхоналарда қолмоқда”, - дея сўзига хулоса ясади ҲРУ вакили.
XS
SM
MD
LG