Линклар

logo-print

Украинада муддатидан олдин парламент сайлови ўтказиш учун ишчи гуруҳи тузилди


"Озодлик" Украинада муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ҳақида эришилган янги келишувни амалга ошириш учун ишчи гуруҳи тузилди.

Мазкур гуруҳ Президент Виктор Юшченко, Бош вазир Виктор Янукович ҳукумати ва парламент вакилларидан иборат. Улар сайлов қачон ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиши, бунинг учун қандай қонунлар қабул қилиниши кераклиги борасидаги ўз таклифларини 7 май куни тақдим этишлари кутилмоқда. Юшченко ва Янукович бир неча ҳафтадан бери давом этиб келаётган сиёсий бўҳронга барҳам бериш мақсадида 4 май куни муддатидан олдин сайлов ўтгазиш ҳақида келишувга эришган эдилар.

Украинада муддатидан олдин парламент сайлови ўтказиш ҳақида келишувга эришилди. Президент Юшченко 4 май куни сиёсий рақиби билан музокара ўтказганидан сўнг бундай деди:

“Қонунда парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармонни бекор қилиш тартиби кўрсатилмаган. Агар ишчи гуруҳи фармоннинг бир неча бандини кўриб чиқадиган бўлса, уни амалга тадбиқ этиш тўхтатилиши мумкин. Парламент ўз ишини бошлаши учун, мухолифатнинг парламент сессиясида қатнаша олиши учун, парламент қарорлари қонуний бўлиши учун парламент сессиялари пайтида мен ўз фармонимни тўхтатиш масаласини кўриб чиқаман”, – деди Украина президенти.

Юшченко эришилган келишувни “халқ кутаётган жавоб” дея атади. Апрел ойида Украина президенти парламентни тарқатиб, май ойида муддатидан олдин сайлов ўтказиш ҳақида фармон чиқарганидан кейин сиёсий бўҳрон юзага келди. Икки томоннинг минглаб тарафдорлари кўчаларда норозилик намойишлари ўтказганидан кейин сайлов муддати 24 июнга кечиктирилди.

Дастлаб президент фармонига қарши чиққан Бош вазир Янукович энди муддатидан олин сайлов ўтказилишини қўллаб-қувватламоқда. Киевдаги Мустақиллик майдонига йиғилган минглаб тарафдорлари олдида чиқиш қилган Янукович юзага келган сиёсий бўҳронни ҳал этишнинг демократик ва адолатли сайловлар ўтказишдан бошқа йўли йўқ эканини айтди:

“Бирга қабул қилган қароримиздан кўзланган асосий мақсад адолатли ва демократик сайловлар ўтказишдан иборат. Бунинг учун нима қилмоқ керак? Энди биз ишчи гуруҳига кўрсатма берамиз. Улар парламент аъзолари учун мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракат дастури ишлаб чиқишади”, – деди Украина Бош вазири.

Муддатидан олдин ўткзиладиган парламент сайлови президент таклиф қилганидек, 24 июнда ўтказиладими ёки янги муддат белгиланадими, ҳозирча бу маълум эмас.

Бош вазир Виктор Янукович сайловда ғалабага эришишига имони комил эканини айтмоқда. Сўров натижаларига кўра, сайловчилар 2004 йилда “Зарғалдоқ инқилоби”ни қўллаб қувватлаган аммо ҳозирда бирлаша олмаётган президент Юшченко тарафдори бўлган партиялардан кўра, мухолифатдаги Бош вазир Янукович етакчилигидаги партияни кўпроқ қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган.
XS
SM
MD
LG