Линклар

Конституция ҳикоя эмаски...


Ҳар йили 5 майда Конституция куни нишонланадиган Қирғизистонда жорий йилда бу байрам энг сиёсий байрамга, сиёсий қарама-қаршиликлар байрамига айланиши эҳтимоли бор.

Қирғизистондаги сиёсий бўҳронлар сабаб мамлакат конституцияси сўнгги олти ой ичида икки марта ўзгартирилди. Айни кунларда конституциянинг учинчи таҳрири устида иш олиб борилмоқда.

2006 йил ноябрда мухолифатдаги “Ислоҳотлар учун” ҳаракати Қирғизистон президентидан конституциявий ислоҳотларни талаб қилиб, оммавий митинглар ўтказган эди. Бир ҳафта давом этган намойишлардан сўнг Қирғизистон парламенти президент ваколатлари ўта қисқартирилган янги конституцияни қабул қилган ва уни президент Қурманбек Бақиев имзолаганди. Бироқ орадан бир ой ўтгач, 2006 йил декабрда парламентдаги президент тарафдорлари давлат раҳбари ваколатлари қайта тикланган иккинчи конституцияни қабул қилди. Ўшанда қирғизистонлик таҳлилчилар бу конституция мамлакатда катта сиёсий бўҳронни бошлаб беришини башорат қилган эди.

“Янги конституция мамлакатдаги сиёсий вазиятни мураккаблаштиради. Уч- тўртга бўлиниб кетган сиёсий кучлар бирлашиб, бу конституцияга қарши кураш бошлайди. Бу кураш баҳор ойларида авжга чиқади”, - деган эди сиёсатшунос Қарибек Бойбосунов.

Бу каби башоратлар тўғри бўлиб чиқди. 11 апрелдан 19 апрелгача Бирлашган мухолифат фронти ҳамда “Ислоҳотлар учун” ҳаракати конституциявий ислоҳотлар ўтказиш ва президент истеъфосини талаб қилиб митинглар ўтказди. 19 апрель куни бу митинг милиция томонидан тарқатиб юборилган бўлса-да, мухолифатчилар ўз курашидан қайтмаганини эълон қилмоқда.

“Биз янги конституцияни чин қалбимиз билан қабул қилмаймиз. Чунки бу конституция ўта қўпол қонунбузарликлар билан, ҳукумат босими остида қабул қилинган. Биз ҳақиқий демократик конституция учун курашни давом эттирамиз”, - деди Бирлашган мухолифат фронти штаби бошлиғи Умурбек Абдураҳмонов.

Бироқ Қирғизистонда конституцияни ўзгартираверишга қарши чиқаётган сиёсий гуруҳлар ҳам мавжуд. Улардан бири “Янги Қирғизистон” партиясидир.

“Менимча, 15 йиллик тарихга эга бўлган конституцияни ҳадеб ўзгартираверишдан фойда чиқмайди. Конституция Қуръон эмас, уни инсонлар ёзади ва инсонларнинг ўзи ўзгартиради. Ҳокимиятга келган ҳар бир президент конституцияни ўзига мослаб ўзгартиришга ҳаракат қилаверади. Шунинг учун, энг аввало, жамиятимизда демократик тамойилларни мустаҳкамлашимиз керак. Шундагина биз ўзгармас конституцияга эга бўламиз”, - дейди “Янги Қирғизистон” партияси вакили Карим Макеев.
XS
SM
MD
LG