Линклар

Косон қамоқхонаси даҳшатлари

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол борасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва жазони ўташ муассасалари ислоҳ қилинишини талаб этиб келаëтган “Penal Reform International”га шикоят мактуби йўллади.

Мактубда Қашқадарëнинг Косон шаҳридаги 51-жазо колониясидаги вазият танқид қилинади.

“51-колония маъмурияти маҳбуслар ҳуқуқини поймол қилмоқда, улар хўрланмоқда. Қамоқхона нозирлари маҳбусларни мунтазам равишда калтаклаётир. Маҳбуслар очликдан силласи қуриб, сил касалига дучор бўлмоқда”, - дейди Е.Урлаева.

Е.Урлаева бу ҳақдаги маълумотларни Косон қамоқхонаси маҳбуси Абдуваҳоб Абзаловдан олган. А.Абзалов Косон қамоқхонасидаги вазият борасида мамлакат прокурорига шикоят ëзган ва унинг нусхасини Е.Урлаевага юборган.

“Бу жасур инсон қўрқмасдан қамоқхонадаги вазиятни танқид қила олди. А.Абзалов бу танқиди учун тазйиққа дучор бўлади, деган хавотир бор менда”, - дейди Е.Урлаева.

Қашқадарëлик ҳуқуқ ҳимоячиси, собиқ маҳбус Ëдгор Турлибеков Косондаги колониядаги вазиятни яхши билади ва у ердаги аҳвол Е.Урлаева ëзганидан кўра ҳам ëмонроқ эканини айтади.

“Панжара ортида нозирлар хоҳлаган ишини қилади. Улар касал ва қария маҳбусларни ҳам аямайди”, - дейди Ё.Турлибеков.

Собиқ маҳбус Сафар Бекжон эса 51-колония илгари ҳуқуқ-тартибот органларининг собиқ ходимлари жазо ўтайдиган қамоқхона бўлганини эслар экан, нафақат Косондаги, балки Ўзбекистондаги барча қамоқхоналарда вазият ўта аянчлилигини таъкидлади.

Куни-кеча Ўзбекистон Бош прокуратурасида ўтган коллегия йиғилишида жазони ўташ муассасалари ходимлари йўл қўйган хатолар, ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг ноқонуний ҳаракатлари ҳам муҳокама қилинган. Аммо Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда гап қандай ноқонуний ҳаракатлар ёки хатолар ҳақида борганини ойдинлаштирмади.

Е.Урлаева эса ўз мактуби юзасидан расмийлардан жавоб олмагани ва қамоқхоналарда маҳбусларни хўрлаш давом этаëтганини айтаётир.
XS
SM
MD
LG