Линклар

logo-print

Қозоғистонда ўзбекистонлик қўшмачилар қамалди


Манғистов вилоятида ўз юртдошларини алдов йўли билан Қозоғистонга олиб келиб, кейин уларни фоҳишалик билан шуғулланишга ундаган ўзбекистонлик 2 аёл узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Манғистов вилояти транспорт прокуратураси ходими Арман Собиров Бейнов тумани суди қўшмачи аёлларнинг ҳар бирини 7 йилга озодликдан маҳрум этганини билдирди.

“Гап шундаки, бу аёллар Ўзбекистондан Қозоғистонга хотин-қизларни алдов йўли билан олиб келган. Қозоғистонда катта маошли иш таклиф этилган ўзбекистонлик хотин-қизлар эса аслида фоҳишаликка жалб қилинган. Суд икки қўшмачи аёлни одамларни алдов йўли билан давлатдан олиб чиқиш, уларни сотиш ҳамда эксплуатация қилишда айбдор топиб, жазо муддатини умумий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилди. Ҳозир уларнинг адвокатлари суд ҳукмини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Шу сабабли судланган аёлларнинг исмини айта олмайман”, - деди А.Собиров.

Маълум бўлишича, қўшмачилар фоҳишаларнинг хизмати учун ҳар бир мижоздан 6 минг тангадан пул талаб қилган. Унинг пайига тушган Ғарбий Қозоғистон прокуратураси қўшмачилардан бирини ўтган йил декабрда қўлга олишга муваффақ бўлган. Иккинчи қўшмачини ушлашга эса фоҳишаликка мажбурланган қизларнинг ўзи ёрдам берган.

“Қўшмачи аёллар Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан дастлаб икки, сўнг яна бир қизни алдов йўли билан Қозоғистонга олиб келган. Уларга Қозоғистондаги қаҳвахоналарда официантка ёки дўконларда сотувчи бўлиб ишлаш ва ҳар ой 30 минг тангагача маош таклиф этилган. Ўзингиз биласиз, Ўзбекистондаги қийин иқтисодий вазият қизларни иккиланмасдан бу таклифга рози бўлишга ундаган. Қўшмачи аёллар қизларни сартарошхона ҳамда дўконларга олиб бориб, уларни пандоз-андоз қилган. Қозоғистонга олиб келгач эса барча ҳужжатларини олиб қўйган ва Манғистовда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган”, - дейди А.Собиров.

Ўзбекистонлик фоҳишалар Ғарбий Қозоғистон прокуратураси ўтказган навбатдаги рейд давомида қўлга тушган. Тергов давомида уларнинг Қозоғистонга қандай йўл билан олиб келингани аниқланган.

Халқаро миграция ташкилотининг Манғистов вилояти бўлими ҳуқуқшуноси Наталья Исҳоқованинг таъкидлашича, Қозоғистонда қулликка тушган муҳожирларнинг аксарияти эркаклардир.

“Бизга ва ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам сўраб мурожаат қилган муҳожирлар, асосан, эркаклардир. Аёллар камдан-кам ҳолларда бизга мурожаат қилади. Менимча, бунга уларнинг қўрқуви, ўзга юртда нолойиқ иш билан шуғулланаётгани ошкор бўлишидан хавфсираши сабаб бўлса керак”, - дейди ҳуқуқшунос.

Ўзга юртда нохуш вазиятларга дучор бўлиши хавфи катта эканини билса-да, МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистондан Қозоғистонга иш излаб келаётган муҳожирлар сони камаяётгани йўқ. Шу сабабли Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси уларга ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтирмокда.

“Ҳозир ташкилотимиз 5 тил, яъни ўзбек, тожик, қирғиз, рус ҳамда қозоқ тилларида хабарнома чоп этди. Хабарнома республикада ишлаётган барча муҳожирларга етказилмоқда. Улар ўзга давлатда катта хавф остида қолган пайтларда ҳуқуқ-тартибот органлари ёки бизнинг ташкилот томонидан кўмак олиши мумкин бўлади”, - дейди Н.Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG