Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:22

Саркози юритадиган сиёсат жумбоғи


Франциядаги президент сайловида ўнг марказчи кучлар вакили Николя Саркозининг ғалаба қозониши Франция ташқи сиёсатида қандай ўзгаришлар ясаши мумкинлиги халқаро жамоатчилик диққат марказида турибди.

Қатъиятли сиёсатчи сифатида танилган Н.Саркози ва агар омади юришса, Франция тарихида илк аёл президент бўлиши кутилган Сеголен Руаял сайловолди кампанияларида асосий эътиборни мамлакат ички сиёсатига қаратгани боис, президент сайловидан сўнг Франция ташқи сиёсатида қандай ўзгаришлар юз бериши ноаниқ қолмоқда.

Аммо Н.Саркози ўзининг дастлабки чиқишларидаёқ АҚШга ошкора мойиллик сезилган баёнотлар қилди ва бу унинг давридаги Франция ва дунё давлатлари муносабатлари ҳақида дастлабки тахминларни беради.

“Мен америкалик дўстларимизга мурожаат қилмоқчиманки, бизни тарихдаги қатор фожеаларда уларга яқинлаштирган дўстлик сақланиб қолади. Франция уларга керак бўлган вақтда улар томон бўлади. Бироқ мен яна шуни айтмоқчиманки, бу эса дўстлар турлича фикрга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган дўстлик”, - деди Франциянинг янги президенти Н.Саркози.

Бироқ охир-оқибат унинг бошчилигида Франция ташқи сиёсати қай томонга ўзгаради?

Европа Иттифоқининг Париждаги Хавфсизлик масалалари тадқиқотлари институти эксперти Уолтер Пош Н.Саркозининг сайловолди чиқишларидан дастлабки хулосаларини билдирди.

“Унинг сўзларидан, хусусан, Эрон ва Ироқ масаласида унинг сиёсати АҚШ позициясига яқин бўлади. Бироқ айни вақтда у классик француз тилида “биз дўстмиз, аммо биз бир-биримиздан фарқлимиз”, деди. Шу боис, биз Саркозининг халқаро сиёсатда муҳим бўлиб турган Яқин Шарқ бобидаги режалари ҳақида ҳеч нарса била олмаймиз”, - дейди У.Пош.

Унинг фикрича, айни пайтда янги президент Эрон ядровий дастури учун ҳарбий эмас, дипломатик йўллар билан ечим топиш тарафдори экани аниқ.

“Агар мен президент бўлиб тайинлансам, асосан, икки фронтда курашаман: биринчи фронт, Эрон режимига қарши санкциялар қўллаш учун кураш, иккинчиси, бу борада халқаро ҳамжамият бирлиги учун кураш. Бунга эришишимиз учун эса Россия ва Хитой бу санкцияларни қувватлаши лозим”, - деган эди сайловолди чиқишларидан бирида Н.Саркози.

Франциянинг Россия билан муносабатлари борасида гап борганда эса, аввало, Н.Саркози сиёсати Владимир Путин бошчилигидаги Россиядан анча узоқ экани айтилади. Бироқ ЕИ Хавфсизлик масалалари тадқиқотлари институтининг минтақавий сиёсат эксперти Сабрина Фишер Франциянинг Россия билан келгуси муносабатларида Вашингтоннинг роли катта бўлиши аниқлигини таъкидлайди.

“Бир нарса мутлақо ойдинки, фикримча, Саркози АҚШ томонга ён босган сиёсат йўриғидан чиқмасликка ҳаракат қилади. Бу эса унинг Россияга муносабати борасида дастлабки тасаввурни беради. Чунки биламизки, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кейинги бир ярим йил ичида анча совуқлашди”, - дейди Сабрина Фишер.

Аммо ЕИ ва Туркия ўртасида бораётган бугунги сўзлашувлар ва умуман, Туркиянинг иттифоққа аъзо бўлиб кириши масаласида унинг қарори қандай бўлиши мумкин?

Эксперт Уолтер Пош айнан бу масалада Н.Саркозининг позицияси аниқлигини айтади.

“Унинг ташқи сиёсатида аниқ бўлган биргина қарори Туркияга оид. Бу борада у аниқ қилиб, “йўқ” деган жавобни берди”, - дейди У.Пош.

Бошқа айрим таҳлилчилар ҳам Н.Саркози раҳбарлигидаги Франция ЕИнинг шарқ томон кенгайишига қарши позицияда бўлишини таъкидламоқда.

“Фикримча, Саркози даврида Франция Украинанинг ЕИга аъзо бўлиб кириши масаласида қарор беришга анча иккиланади. Бошқа тарафдан, албатта, бу давлатдаги демократик жараёнларни қувватлашда давом этади”, - дейди У.Пош.

Н.Саркози 16 май куни Франциянинг ҳозирги президенти Жак Ширакдан президентлик лавозимини қабул қилиб олади.
XS
SM
MD
LG