Линклар

logo-print

Умида озод этилди, лекин милиция назоратида бўлади

  • Барно Анвар

http://gdb.rferl.org/E2CBDE0F-7EE3-43A3-8875-65FF647CF90B_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/E2CBDE0F-7EE3-43A3-8875-65FF647CF90B_mw800_mh600.jpg Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва мустақил журналист Умида Ниёзовани етти йиллик шартли жазо билан қамоқдан озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Дастлабки суд қарори билан тайинланган 7 йиллик қамоқ жазоси апелляция тартибида 7 йиллик шартли жазо, бунинг уч йили синов муддати, билан алмаштирди.У.Ниёзова синов муддати давомида ички ишлар бошқармасининг мунтазам назорати остида ўташи ва бу муддат ичида Тошкент шаҳрини рухсатсиз тарк этмаслиги лозим.

Суд залидан озод этилган У.Ниёзова “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Албатта, 3,5 ой маҳбусликдан озодликка чиқиш бу — бахт. Мени қувватлаган, ҳимоя қилган дўстларим ва мен таниган ва танимаган барча инсонларга чуқур миннатдорлигимни билдираман, уларнинг ҳаммасига катта раҳмат”, - деди.

Яқинлари айни пайтда Умиданинг аҳволи, соғлиғи яхши, руҳан тетик эканини билдирмоқда.

Апелляция суди мажлисида иштирок этган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов сўзларига кўра, мажлис якунида сўз берилган У.Ниёзова Ўзбекистон ҳукуматидан узр сўралган матнни ўқиган.

“Суд мажлисида сўз берилганда Умида жуда тетик гапирди ва сўзи давомида юзида аниқ акс этган норозилик кайфиятида кечирим сўраб битилган матнни ўқиди. Шубҳам йўқ, бу одатда сиёсий маҳбусларга мажбурлаб ёздириладиган иқрорлик кўрсатмаси эди. Умида, энг аввало, халқаро жамоатчилик босими остида айбсиз бўлгани учун озод этилди ва ишончим комил, Умида ҳали руҳан тетик, ўз фаолиятини давом эттиради”, - деди А.Ташанов.

Айни судда иштирок этган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов фикрича ҳам У.Ниёзова айбсиз қамалган ва халқаро жамоатчиликнинг кучли босими таъсири остида озод этилган.

“Шубҳасиз, у айбсиз. Биринчи босқич судида ҳам унга қўйилган айблар исботини топмаган. Апелляция судида Умиданинг адвокати буни яна бир карра асослаб берди. Ўзбекистон ҳукумати эса аввалига Умидани айбдор қилди ва энди озод қилиш орқали халқаро жамоатчилик олдида ўзини яна бир карра оқламоқчи бўлди. Аммо аслида бу ўйин эканини ҳаммамиз яхши биламиз”, - деди А.Турғунов.

Лондондаги “Ўзбекистон ташаббуси” гуруҳи раҳбари Шоҳида Ёқуб У.Ниёзова озод этилишини олқишлар экан, Ўзбекистонда қамоқда ётган яна кўплаб сиёсий маҳбусларнинг ҳам шу тариқа озод бўлишига эришиш кераклигини таъкидлади.

“У.Ниёзованинг озод этилишини шахсан мен кутмаган эдим. Бу ҳол Ўзбекистон ҳукуматига халқаро жамоатчилик босими нечоғли таъсир қилишини кўрсатди, ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Демак, шу зайлда давом этиш ва Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган бошқа кўплаб сиёсий маҳбусларнинг ҳам озод этилишига эришишимиз керак”, - деди Ш.Ёқуб.

Умида Ниёзова тўғрисида Ғарб матбуотида энг кўп чиқиш қилган германиялик журналист Маркус Бенсманн эса У.Ниёзованинг ноҳақ қамалиши ва кейин бу тариқа озод қилиниши Ўзбекистонда адолатли суд тизими йўқлигининг яна бир тасдиғидир, деб ҳисоблайди.

“Фикримча, Ўзбекистон ҳукумати ўзини халқаро жамоатчилик олдида оқлаши учун бунинг ўзи етарли эмас. Ҳали Умида каби ноҳақ қамалган бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам озод қилиши керак. Ўшандан кейингина бу ҳукумат билан мулоқот қилиш ва санкциялар ҳақида гаплашиш ўринли бўлади”, - деди М.Бенсманн.

У.Ниёзова ишини кузатиб келаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ҳам Тошкент шаҳри суди қарорини олқишламоқда ва айни вақтда У.Ниёзова айбсиз бўлгани учун озод этилганини таъкидламоқда.

У.Ниёзова ҳамкорлик қилган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Рейчел Денбер фикрича, Умида аслида қамоққа олинмаслиги керак эди.

“Шубҳасиз, У.Ниёзова қамоқдан озод бўлганидан жуда хурсандмиз. Унинг озод этилганини олқишлаймиз, чунки бошданоқ у қамоққа олинмаслиги керак эди. Шунингдек, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган яна камида 14 ҳуқуқ ҳимоячиси тақдиридан қаттиқ ташвишдамиз. Булар Гулбаҳор Тўраева, Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддинов ва бошқа кўплаб инсон ҳуқуқлари фаолларидир. Улар тақдиридан ҳам биз жиддий хавотирдамиз ва уларни ҳам озод этишга чақирамиз”, - деди Р.Денбер.

XS
SM
MD
LG