Линклар

Савдогар аёллар бозор маъмуриятидан норози

  • Гулнора Равшан

Тожикистон пойтахтидаги энг йирик савдо маркази саналган Карвон бозорини қайта қуриш режаси бу ерда фаолият юритаётган савдогар аёлларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

9 май куни Карвон бозорининг заргарлик буюмлари ва айрим кийим-кечак расталарида савдо қиладиган тахминан 350 савдогар аёл бозор маъмуриятининг бу режасига қарши эътироз билан чиқди.

Олти йилча илгари “Саховот” бозоридаги қайта қуришлар боис бозордан қувилган бу савдогар аёллар ҳали тўла қуриб тугатилмаган Карвон бозорига ўзларини урган эди.

Жуда катта майдонда жойлашган Карвон бозорида, асосан, кийим-кечак, уй-рўзғор ва заргарлик буюмлари сотилади.

Мустақилликка эришган Тожикистонда 15 йилдирки, аҳолини иш билан таъминловчи корхона ва фабрикаларнинг аксар қисми ишламайди. Рўзғор тебратиш, бола боқиш учун тожик эркак ва аёлларининг кўпчилиги Россияга жўнаб кетган. Россия ишлашдан кўра Тожикистон бозорларида тирикчилик ўтказишни афзал билган аёллар ҳам кўп.

Карвон бозорини қайта қуриш режасидан норози аёллар ўзларининг ҳуқуқлари илгари ҳам кўп бор поймол этилганини айтади.

Уларнинг таъкидлашича, ҳар гал бир бозордан бошқасига кўчирилган савдогарларга фақат ер ажратиб берилади. Улар ўз маблағи эвазига дўкон қуради. Шу билан бирга, давлатга солиқ, бозорқўмга ижара пули ва ҳоказолар тўланади. Бозор маъмурлари эса кўпинча турли баҳоналар ўйлаб топиб, бу дўконларни бузиб ташлайди ва кейинроқ янги жойни сотиш орқасидан катта фойда кўради.

Бироқ Карвон бозори маъмуриятининг ижара бўлими бошлиғи Шерали Қорахонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда дўконлари қайта қуриш режасига киритилган савдогарлар дўконсиз қолмаслигини таъкидлади.

“Аввало, қайта қуриш борасидаги қарорга тўхталсак, тахминан 350 дўкон ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва бугунги бозор маданияти талабларига жавоб бермаслиги боис шундай хулосага келдик. Иккинчидан эса савдогарлар дўконлари эвазига дўкон билан таъминланади”, - деди Ш.Қорахонов.

Маъмурахон исмли савдогар эса Карвон бозорида тартибга солиниши зарур бўлган расталар жуда кўплигини ва бозор амалдорларининг заргарлик буюмлари расталарини қайта қуришга ёпишиб олгани ортига катта манфаатдорлик борлигини билдирди.

“Заргарлик бозорининг ўнг қанотида жойлашган 100 та дўконнинг ҳар бири 10 минг АҚШ долларига нархланган. Ўша 100 та дўкондан тушадиган бир миллион долларни ўзлаштириш мақсадида амалга оширилаётган қайта қуриш режасига биз қаршимиз. Бу қайта қуриш кўпчилик савдогар аёллар белини букиб, кўчага улоқтириши, ҳатто қурбонлар келтириб чиқариши аниқ”, - деди Маъмурахон.

Савдогарлар президент Имомали Раҳмонга, агар арзлари қабул қилинмаса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга шикоят қилишини айтмоқда.

Режага тушган дўконларнинг 300 таси заргарлик дўкони бўлиб, уларда савдо қилаётган аёлларнинг 90 фоизи банклардан ўн мингдан 25 минг долларгача қарз олган. Гаровга эса уй-жой ва енгил машиналари қўйилган.

Гулизор исмли савдогар аёл ҳар ой ижара ва солиқ харажатларидан ташқари банкга 1200 АҚШ доллари миқдорида фоиз тўлашини билдирди.

“Бордию бугун дўконларимиз текисланиб ташланадиган бўлса, банк фоизини тўлай олмайман. Ўз-ўзидан маълум, балоғат ёшига етмаган беш болам билан кўчада қоламан. Ҳукумат мулозимлари аҳолини иш билан таъминлай олмайди. Бироқ минг машаққат билан топган уй-жойимизни ҳам тортиб олади”,- дейди кўзида ёш билан Гулизор.
XS
SM
MD
LG