Линклар

logo-print

Британияликлар истеъфога чиқишга тайёрланаётган Блэрга баҳо бермоқда

  • Ҳасанжон

Яқин кунларда истеъфога чиқишини эълон қилиши кутилаётган Буюк Британия бош вазири Тони Блэрнинг ҳукумат раҳбари сифатидаги ролига унинг юртдошлари баҳо бермоқда.

Буюк Британияда май ойи бошида ўтказилган маҳаллий сайловларда Лейбористлар партияси кутилгандан яхши натижага эришди. Мухолифатдаги консерваторлар эса жиддий йўқотишга учради. Ҳолбуки, кўпчилик Ироқ уруши бош вазир етакчилигидаги партиянинг сайловда жиддий йўқотишга учрашига сабаб бўлишини тахмин қилган эди.

Таҳлилчилар Тони Блэрнинг бош вазирлик фаолияти кўп масалаларга қараб баҳоланади, Ироқ улардан бири, холос, деган фикрда.

“Британияда элита халқдан кўра Ироқ ҳақида кўпроқ қайғурди. Ироқда вазият оғирлашган сари аксарият одамлар бунга қарши бўлишига шубҳа йўқ. Аммо мен бу омма онгидаги асосий масала, дея олмайман”, – дейди Варвик университетининг сиёсий фанлар бўйича мутахассиси Дэвид Карлтон.

Унинг фикрича, айрим одамлар Т.Блэрнинг бош вазирлик фаолиятига Ироқ урушидан келиб чиққан ҳолда, бошқалар унинг 2004 йилда Чикагода гуманитар ёрдамлар ҳақида қилган чиқишига қараб, яна бир гуруҳ одамлар Европа Иттифоқи ва Британия муносабатларига таяниб баҳо бериши мумкин.

Лондондаги Иқтисодий разведка бўлимининг Сиёсий тадқиқотлар институти раҳбари Чарлз Йенкинснинг таъкидлашича, аксарият британияликлар Тони Блэр Европага нисбатан тўғри сиёсат юритган, деган фикрда.

“Унга, яъни Блэрга Британияни Европа ҳамжамиятига тақдим этган Тед Ҳийтдан кейинги Европа тарафдори бўлган бош вазир сифатида қарашади. Бу эса Европадаги барча бўлмаса-да, аксарият давлатлар билан муносабатларга ижобий таъсир этади”, – дейди британиялик таҳлилчи.

Д.Карлтон сўзларига кўра эса Т.Блэрнинг мероси унинг нафақат бош вазирлик фаолияти, балки истеъфога чиққандан кейин амалга оширадиган ишларига ҳам боғлиқ бўлади. Яқин Шарқ муаммосига ечим топишга ҳаракат қилиб келган Т.Блэр лавозимини тарк этгандан кейин ҳам шу ишни давом эттиришни режалаган.


Агар Тони Блэр кутилганидек шу ҳафтада истеъфога чиқса, у Буюк Британия бош вазири лавозимида 10 йил хизмат қилган бўлади. Т.Блэр 1997 йилда бу лавозимни эгаллаганида мамлакат тарихида энг ёш бош вазир бўлган эди.
XS
SM
MD
LG