Линклар

ЕИ инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўта олмайди

  • Озодлик

Европа Иттифоқи табиий заҳиралар илинжида Марказий Осиё билан муносабатларни яхшилашга уринаётган бўлса-да, инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўта олмаслиги унинг бу ҳаракатларига тўсиқ бўлиши мумкин.

Айни пайтда ЕИ Германия раислигида МОга нисбатан янги стратегиясини ишлаб чиқмоқда ва у яқин кунларда эълон қилинади. Унгача эса ЕИ расмийлари тузилманинг МО давлатларига молиявий кўмак бериши ниятини маълум қилди. Бу кўмак минтақа иқтисодини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилади

Буларнинг барчаси ЕИнинг МО билан муносабатларни яхшилаш сари қўяётган илк қадамлари ўлароқ кўрилмоқда.

Германия ЕИнинг МОнинг барча мамлакатларида элчихонасига эга ягона аъзоси ҳисобланади. Канцлер Ангела Меркел ҳамда ташқи ишлар вазири Штайнмайер эса Евроосиë давлатлари билан муносабатларни яхшилашга уринишларни давом эттирмоқда.

Европадаги Осиë тадқиқотлари институти ходими Жон Куигли ЕИ ва МО ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини фақат икки йўналишда, деб билади. Ушбу йўналиш эса тузилманинг нафақат, айтайлик, Ўзбекистонга, балки бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам қўллайдиган стратегиясидир.

“Мен ЕИнинг ривожланаëтган учинчи мамлакатларга нисбатан устивор йўналиши ўзгарган, деб айта олмайман. Иттифоқ, бир томондан, демократия, қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга эътибор қилса, бошқа томондан, унинг ташқи алоқалари сифатида белгилаб қўйган мақсадлари бор. Бунга, аввало, энергетика таъминоти хавфсизлиги киради. Масалан, мен ЕИ Ўзбекистонга нисбатан бир сиëсат олиб боряпти-ю, Хитойга нисбатан бошқа, деб айта олмайман”, - дейди Жон Куигли.

ЕИ учун табиий захираларга бой МО билан энертегика соҳасида ҳамкорлик қилишнинг ўзи кифоя эмас. Халқаро жамоатчилик ундан, биринчи навбатда, минтақа раҳбарлари билан мулоқот олиб бораëтганда инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратишини сўраб келади. Айтиш жоиз бўлса, бундай мунтазам босимларнинг натижаси ўлароқ бўлса керак, куни-кеча ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзова шартли равишда қамоқдан озод этилди. Ҳолбуки, бу ЕИга раислик қилаëтган Германия ҳукуматининг Ўзбекистон расмийлари билан ойлаб ўтказган музокаралари хулосасидир.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса ЕИдан шу йўналишда давом этишни ва токи Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган сиëсий маҳбуслар озод этилмас экан, мамлакатга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилмаслик, аксинча янада кучайтиришни талаб қилмоқда.

Аммо шу йилнинг 28 март куни Остонада ЕИ делегацияси ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Владимир Норов ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун Европанинг юқори мартабали расмийларига аниқ-тиниқ шартлар қўйган эди.

“Муносабатларимиз икки томон манфаатларига ғоявий тус бермасдан ўрнатилсагина бир-биримизга яқинлашишимиз мумкин”, - деган эди В.Норов.

Ҳозир Брюссел билан Тошкент муносабатларидаги асосий тўсиқ, айрим таҳлилчилар фикрича, Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга рухсат бермаганидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар масаласидир.

Мазкур санкциялар муддатини узайтириш-узайтирмаслик масаласи эса шу йилнинг 14 майида кўриб чиқилади.

Бироқ В. Норов аллақачон ЕИнинг Марказий Осиё борасидаги айрим қарашларини роса қоралаб, ЕИнинг бир томонлама санкциялари унинг ўзига кўпроқ зарар етказганига ишора қилган ва ЕИдан демократия масаласида Тошкентга дарс бермасликни сўраган эди.

“Биз кимларнингдир олдида ўзимизни оқлаб ўтиришни хоҳламаймиз. Ҳа, биз ҳар томонлама, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотга тайёрлигимизни айтганмиз. Аммо бу масалада устоз-шогирд ёки етакловчи ва етакдаги муносабатлари бўлмаслиги лозим”, - деган эди В.Норов.

ЕИ МОдаги ҳар бир давлатнинг ўз манфаати, ташқи сиëсати ва дипломатик анъаналарини инобатга олган ҳолда минтақага нисбатан умумий стратегияси ҳар бир мамлакатга нисбатан алоҳида ишлаб чиқилаëтгани айтилади. Акс ҳолда эса табиий захираларга эга бўлиш илинжида Брюссель минтақага қандай келган бўлса, шундайлигича уни тарк этади. Газ ва ëнилғига эга бўлиш учун эса Ўзбекистон ҳукумати юргизаëтган сиëсатни инобатга олмасликдан бошқа илож йўқдек кўринади.

Шундай экан, музокаралар столига ташланган ҳар бир мавзунинг ўз “савдо объекти” бўлиши мумкин. Мазкур ролни эса ҳозирча инсон ҳуқуқлари ҳимочилари ўйнамоқда.
XS
SM
MD
LG