Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:20

Мухолифат ҳукуматни сиёсий маҳбусларни озод этишга чақирмоқда


Андижон фожеасининг икки йиллиги муносабати билан Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари ва айрим халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқига баёнотлар орқали мурожаат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятлари вакиллари эълон қилган баёнотда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда ЕИ Ўзбекистон билан парламентлараро мулоқотлар чоғида мамлакатдаги мухолиф партияларни расман рўйхатга олиш масаласини кўтаришга чақирилган.

Андижон фожеаси қурбонлари оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириш билан бошланган мазкур баёнотга “Озод деҳқонлар” партияси бош котиби Нигора Ҳидоятова ҳам имзо чеккан.

“Баёнот ташаббусчиси Шоҳида Ёқуб ҳисобланади. Биз - фуқаролик жамияти вакиллари мазкур баёнотга чин дилдан имзо қўйдик. Чунки бизни фақат битта муаммо, яъни сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озодликка чиқариш масаласи ташвишга солмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда тахминан етти минг сиёсий маҳбус борлиги маълум. Жуда кўп ҳуқуқ ҳимоячилари қамалган. Шу боис, бу долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Мақсадимиз ЕИга мурожаат қилиб, қамоқдаги сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришдан иборат эди”, - деди Н.Ҳидоятова.

У ЕИга мурожаатдан мақсад Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий маҳбуслар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қамоқдан озод этиш борасида мухолифат билан мулоқот бошлашга мажбур қилишдан иборат эканини айтди.

“Шуни айтмоқчиманки, ҳозир бизда мураккаб сиёсий вазият юзага келган. Ўзбекистон ҳозир сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий бўҳрон гирдобида қолмоқда. Бугунги кунда ушбу бўҳронли вазиятдан чиқиш учун мулоқот жараёнини бошлаш жуда муҳим. Шу боис, биз ЕИга мурожаат этишга қарор қилдик. Ўзбекистон ҳукумати, биринчи навбатда, сиёсий маҳбуслар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини озодликка чиқариши керак”, - деди Н.Ҳидоятова.

14 май куни ЕИ Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкциялар муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш масаласини кўриб чиқади.

Шу тадбир арафасида қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳозир ЕИга раислик қилаётган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайерга норозилик мактуби йўллади.

Унда Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкциялар муҳокама этилаётган пайтда Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги аҳволи абгор ҳолда экани ҳам назарга олиниши кераклиги таъкидланган.

Мактубда билдирилишича, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўтказган текширув натижаси Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистонда матбуот эркинлиги борасида абгор аҳвол юзага келганини кўрсатган. Андижон фожеасидан кейин кўплаб мустақил ва хориж ташкилотлари учун ишлаётган журналистлар таъқиб ва тазйиққа учраган, айрим журналистлар жавобгарликка тортилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Германия ташқи ишлар вазирига йўллаган норозилик мактубида қамалган журналистлар озод қилиниб, мамлакатда матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланмагунча, Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказилмагунча, журналистлар эркин ва қўрқувсиз маълумот олиш имкониятига эга бўлмагунча ЕИнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялари ўз кучида қолиши кераклиги билдирилган.
XS
SM
MD
LG