Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Тони Блэр истеъфога кетмоқда


Буюк Британия бош вазири Тони Блэр 27 июнь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Энди Лейбористлар партияси раҳбари лавозими учун қизғин кураш бошланиши ва унда молия вазири Гордон Браун ғолиб бўлиши кутилмоқда.

Агар ғалабага эришса, у ўз-ўзидан бош вазир лавозимини эгаллайди.

“Бугун мен Лейбористлар партияси раҳбари лавозимидан кетиш ҳақида қарор қабул қилганимни билдирмоқчиман. Партия ўзига янги раҳбар сайлайди. 27 июнь куни бош вазир лавозимидан истеъфога кетиш ҳақидаги аризамни қироличага тақдим этаман”, - деди Тони Блэр Англия шимолидаги Седжефийл сайлов округида қилган чиқишида.

Молия вазири Гордон Браун Тони Блэр ўз партияси, Буюк Британия ва дунёга етакчилик қилишда “ўзига хос муваффақият”га эришганини олқишлади.

Т.Блэр ўз фаолияти давомида ғалабаларга эришиш баробарида муваффақиятсизликка ҳам учради.

“Мен бу мамлакатда 10 йилдан кўпроқ бош вазир бўлдим. Дунёда юзага келган вазият назарга олинса, бу лавозимда шунча ишлаш мен, айниқса, мамлакат учун узоқ муддат ҳисобланади. Баъзан ҳокимият кучини забт этиш учун ундан воз кечишга тўғри келади”, - деди Т.Блэрнинг ўзи.

Тони Блэр истеъфосига дунё раҳбарлари турлича муносабат билдирмоқда.

Оқ уй расмийлари Т.Блэрни “ғайриоддий” раҳбар ва АҚШ президенти Жорж Бушнинг дўсти ва иттифоқчиси, деб атади.

Европа Иттифоқи комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо эса “Рейтер” мухбирига берган интервьюсида: “Блэр Европани Британияга яқинлаштиришда муваффақиятга эришган бўлса-да, у британияликларнинг Европа кун тартибидаги айрим долзарб масалаларга муносабатини ўзгартиришга муваффақ бўлгани йўқ”, - деди.

Исроил бош вазири ўринбосари Шимон Перес Т.Блэрнинг истеъфога муносабат билдириб:“Ироқдаги воқеалар унга бўлган ишончга соя солган бўлса-да, унинг ҳалоллиги, самимийлиги ва очиқ кўнгилли инсон эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди”, - деди.

Токиода ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Япония бош вазири Шинзо Абэ: “Сўнгги 10 йил ичида жаноб Тони Блэр, айниқса, Британия иқтисодиёти ва маориф тизимини ислоҳ қилишда катта ютуқларга эришди. Менимча, у Британия халқининг кучли қўллаб-қувватлашига эришган бош вазир бўлди”, – деди.

Тони Блэр яна бир ярим ой давомида бош вазир вазифасини бажаради. Шу муддат давомида у Германияда ўтказиладиган “катта саккизлик” ҳамда Европа раҳбарлари саммитида қатнашади.
XS
SM
MD
LG