Линклар

Гулбаҳор Тўраева қамоқда янада узоқроқ ўтиради

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ой охирида олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраева яна бир айблов билан суд қилинди ва унга 5 йилу 8 ойлик қамоқ жазоси қўшиб берилди.

Шундай қилиб, 14 январда ҳибсга олинган, 24 апрель кунги биринчи судда олти йилга озодликдан маҳрум этилган Г.Тўраевага берилган қамоқ жазоси муддати жами 11,8 йилни ташкил этади. Биринчи судда у конституциявий тузумга тажоввуз қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солуви материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган эди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкент ваколатхонаси раҳбари Андреа Берг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Г.Тўраева бу сафар туҳмат қилганлик айблови билан судланган ва унга қўшимча жазо берилганини унинг турмуш ўртоғи Фарид Янгилдин тасдиқлаганини айтди.

“Фариднинг айтишича, иккинчи суд 2 май куни бошланиб, 7 май куни ҳукм ўқилган. У суд мажлисига пайшанба, жума ва душанба кунлари киритилган. Гулбаҳор битта модда бўйича - туҳмат қилганликда айбдор топилиб, унга қўшимча 5 йилу 8 ой қамоқ жазоси берилган”, - деди Андреа Берг.

Андижон вилояти жиноят ишлари судидан Г.Тўраева устидан бўлиб ўтган суд ҳақида изоҳ олишга уринишлар натижа бермади.

А.Бергнинг таъкидлашича, Ўзбекистон расмийлари иккинчи суд жараёни ва Гулбаҳорга қамоқ жазоси қўшиб берилганини сир сақлашга уринмоқда. Айни пайтда энди Фарид Янгилдин билан боғланишнинг ҳам иложи бўлмаяпти, яъни унинг телефонлари узиб қўйилган.

“Бу хабарни текшириш учун Фаридга қўнғироқ қилдим ва у Гулбаҳорга қўшимча жазо берилганини тасдиқлади. Кейин эса Ўзбекистон расмийлари иккинчи суд ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Мен яна Фарид билан боғландим ва бу хабарнинг ҳақиқат эканини яна бир бор текширдим. Фарид менга суд қандай ўтганини батафсил гапириб берди. Охирги суҳбатдан 10 дақиқа ўтиб, мен баъзи тафсилотларга аниқлик киритиш мақсадида яна Гулбаҳорнинг эри билан боғланишга уриндим, лекин у билан боғлана олмадим, унинг телефонлари узиб қўйилган эди, ҳар қалай телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Биринчи суддан кейин ҳам уларнинг телефонлари бир неча кун мобайнида узиб қўйилганди”, - деди А.Берг.

Ўтган пайшанбада Европа Иттифоқи ва унга раислик қилаётган Германия Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзова ишлари қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб расмий баёнот берган эди.

У.Ниёзовага берилган етти йиллик қамоқ жазоси халқаро босимлар остида шартли жазога ўзгартирилиб, у суд залидан озод қилинди. Лекин Г.Тўраева нафақат озод этилди, балки унга илгари белгиланган қамоқ жазосига яна қўшиб берилди.

А.Бергнинг сўзларига кўра, Гулбаҳорнинг иши Андижонда кўриб чиқилаётгани ва сўнгги пайтларда у ердан хабарлар олиш қийинлашгани боис, бу ишга етарли эътибор бўлмаяпти.

“Гулбаҳорнинг яқинлари билан боғланиш қийин бўлиб қолди. Кеча охирги марта Фарид билан гаплашганимда у жуда хафа бўлиб, Андижонда бўлаётган нарсаларга ҳеч ким эътибор қилмаётгани, Андижон Тошкентда жуда узоқ ва хабарлар етказиш жуда қийин бўлаётганини айтганди”, - дейди А.Берг.
XS
SM
MD
LG