Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Тоғбой ака яна йўлга отланмоқда


Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этган юзлаб ўзбекистонликларнинг айримлари Ғарб мамлакатларидан бошпана топган бўлса-да, яна кўплари ҳали шундай имкониятни кутиб яшамоқда.

Андижонлик қочқин, 60 ёшли Тоғбой Раззоқов ҳам Қирғизистондан бирор Ғарб мамлакатига кўчирилишини узоқ вақт кутди. Шу кунларда унга ва Қирғизистонга қочиб ўтган яна бир гуруҳ қочқинга Канада ҳукумати бошпана берди.

Т.Раззоқов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бир йил олдин ватанни тарк этганидан бери кўп жойда, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси яқинида ташкил этилган қочқинлар лагерида ҳам яшаганини айтади.

“Бир жойда яшай олмадим. Қантда яшадим, Тўқмоқда яшадим. Соқлуда яшадим. Ҳамма ерда бир-бир яшаб кўрдим”, - дейди ўзбекистонлик қочқин.

2005 йил май ойида Андижонда намойишлар уюштирилишидан олдин Т.Раззоқов пенсияга чиқиш учун ҳужжатларини расмийлаштираётган эди. Ўша пайтларда бир кун келиб, бошқалар ёрдамига муҳтож бўлган уйсиз ва ишсиз қочқинга айланиши унинг ҳатто хаёлига ҳам келмаганди.

Т.Раззоқов Қирғизистондаги “Адолат” ноҳукумат ташкилоти унинг яшаши учун ойига 50 долларга тенг миқдорда ёрдам пули бериб турганини айтади.

“Адолат” орқали икки минг пул (қирғиз соми) беради. Шу пулни тўлаб, бир танишнинг уйида ётиб тураман. Майда-чуйда ишлар қилишга ёрдам бераман. Шундай қилиб ҳаёт кечиряпман”, - дейди андижонлик қочқин.

Т.Раззоқов “сиёсий мақсадга эга бўлмай туриб”, 2005 йил 13 май куни минглаб андижонликлар билан бирга Бобур майдонидаги намойишда қатнашганини таъкидлайди. Аммо ҳукумат қўшинлари намойишчиларни тарқатиш учун ўт оча бошлашидан олдин у майдонни тарк этган.

Гарчи ҳукумат бу намойишларда исломий экстремистларни айблаётган бўлса-да, Т.Раззоқов аксар андижонликлар ижтимоий қийинчиликларга норозилик билдириш учун кўчага чиққанини билдирди.

“Минбарда турган одамлар умуман бошқа одамлар эди. Улар ўзларининг оғир шароитлари, дардларини айтаётган одамлар эди. “Иш йўқ, егани ҳатто нонга пулимиз қолмаяпти. Нима қилишимиз керак? Пенсияларимиз оз”, – деган талаблар билан чиқаётган, гапираётган эди”, – дейди Т.Раззоқов.

Қонли воқеалардан кейин юзлаб аҳоли Андижонни тарк этди. 500га яқин фуқаро қўшни Қирғизистонда қочқинлик мақомини олди. Т.Раззоқов ўзини диний экстремист ёки давлатга қарши бирор ёмон иш қилган одам, деб ҳисобламагани учун Андижонни тарк этмади. Аммо охир-оқибат у ватанни тарк этишга қарор қилди. Ўзини мухолифатга хайрихоҳ ҳисобловчи Т.Раззоқов ҳукумат қўшинларининг ҳимоясиз намойишчиларни ўққа тутганини танқид қилган. Кейинроқ орган ходимлари уни ҳам текшира бошлаган. Милиция ходимлари уни бир неча марта сўроқ қилган ва уйига келган. Қамоққа ташланишидан хавотирга тушган Т.Раззоқов Андижон фожеасидан бир йил ўтиб, яъни 2006 йил май ойида Ўзбекистондан чиқиб Қирғизистондан бошпана сўраган. Кейинроқ унга қочқинлик мақоми ва Қирғизистонда яшашга рухсат берилган.

Т.Раззоқов ёши бироз ўтиб қолгани боис ҳаётини қайта қуриш қийинроқ кечаётганини айтади.

“Бизга, масалан, ойига 50 доллар етади. Чунки макаронга бирон нарса солиб пишириб еса одам ўлмайди. Ҳозир ҳам ўлмаяпмиз, алҳамдулиллаҳ. Тиланчилик қиладиган даражага етганимиз ҳам йўқ. Лекин атрофдаги танишлар ва бошқалар кўмаги билан яшаб турибмиз. Қўшнилар бир коса овқат беради”, - дейди Қирғизистондаги андижонлик қочқин.

Май ойи охирида Канадага кетишга тайёргарлик кўраётган Т.Раззоқов қариганда ҳаётини қайта бошлаши қийин бўлиши, айниқса, олдида оила аъзолари ва дўстлари бўлмагани қалбига оғриқ солишини айтади. Ёлғизлик ва мавҳум келажакка сафар қилган юзлаб ватандошлари каби Т.Раззоқов ҳам бир кун келиб Андижонга қайтишига умид қилади.
XS
SM
MD
LG