Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:56

Тожикистон пахтани стандартлашда Ўзбекистонга қарамликдан қутулмоқчи


Тожикистон ўз пахта толасини Ўзбекистон пахта стандартлари асосида сотаётганидан юзлаб минг доллар зарар кўраётгани, шунинг учун ўз стандартига эга бўлишни истаётганини билдирмоқда.

Тожикистон товар-хомашё биржаси жорий йилда 42 миллион долларга 35 минг тонна пахта толаси сотди. Яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан беш минг тонна пахта толаси кам сотилди.

Бу йил мамлакатда қиш фаслида электр энергияси танқислиги юз бергани сабабли пахта тозалаш заводларининг аксарияти ишламади. Биржадаги савдо камайишига шу омил ҳам таъсир этди.

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт вазирлиги матбуот котиби Ғафуржон Расулий бу масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам борлигини айтади.

“Мамлакатда пахта ишлаб чиқариш собиқ иттифоқ давридагига қараганда 50-60 фоиз камайди. Айни пайтда Тожикистонда ҳар гектар майдондан ўртача тахминан 17 центнердан ҳосил олиняпти. Собиқ иттифоқ даврида эса бу кўрсаткич 35 ва айрим илғор хўжаликларда 50 центнергача етарди. Ҳукумат қарори билан сувли ерларнинг аҳолига уй-жой учун тақсимлаб берилиши натижасида давлат бюджети учун аҳамиятли бўлган пахтачилик иккинчи даражага тушиб қолди”, - деди вазирлик матбуот котиби.

Тожикистон бюджети даромадининг асосий қисми алюминий ва пахта толаси экспортидан келади. Бироқ бу маҳсулотларнинг 90 фоизи хомашё сифатида экспорт қилиниши бюджетга кўпроқ маблағ тушишига тўсқинлик қиляпти.

Мустақил кузатувчилар фикрича, мамлакат енгил саноатидаги фалажлик, замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган тўқимачилик ва тикувчилик фабрикалари йўқлиги сабабли Тожикистонда пахтани қайта ишлаш оқсамоқда.

Жаҳон бозорида пахта толаси нархи тушгани сабабли Тожикистонда ишлаётган аксарият компаниялар пахта савдосини тўхтатган. Бу ҳам мамлакат товар-хомашё биржасида савдо ҳажми камайишига сабаб бўлган.

Иқтисодчи Тоҳир Абдужабборовнинг таъкидлашича, Тожикистон ўз пахтасини жаҳон бозорига Ўзбекистон стандартлари билан олиб чиқади. Бу эса компанияларга исталган даромад келтирмайди.

“Тожикистон жаҳон бозорида ўз обрўсига эга бўлиши учун Ўзбекистон билан пахта нархларига боғлиқ шерикликка барҳам бериши зарур. Ўзбекистон пахтасининг аксар фоизи машиналарда териб олингани сабабли унинг сифати тожик пахтасиникидан паст. Шундай бўлган ҳолда Тожикистон пахтаси Ўзбекистон стандартлари асосида сотилмоқда ва бу унинг нархи пасайишига олиб келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон бозоридан ажралиб, ўзи мустақил тарзда пахтани нархлаш ва пахта экспортини назорат қилиш борасида ўйлаб кўриш вақти етган. Акс ҳолда тожик пахтасининг нархи жаҳон бозорида шу тариқа паст нархланаверади”, - деди иқтисодчи.

Тожикистон пахта биржаси масъул ходими Абдураҳмон Баҳронов сўзларига кўра, Тожикистон ўз стандартларига эга бўлиши учун замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар қуриши керак. Бу эса катта маблағ талаб қилади.

“Яқинда Жаҳон банки молиявий кўмагида халқаро пахта стандартига ўтиш борасидаги дастур лойиҳасини ҳукуматга тақдим этдик. Лойиҳа ҳукумат тасдиғидан ўтгач, тожик пахтасини халқаро стандартда жаҳон бозорига чиқариш имконияти пайдо бўлади. Ўшанда пахтамиз нархи ҳам ортади”, - деди А.Баҳронов.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг махсус топшириғи асосида айни пайтда пахтани мамлакатнинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйишга оид чора-тадбирлар кўрилмоқда. Унга кўра, 2015 йилга қадар пахтани қайта ишлаш корхоналари замонавийлаштирилиб, тўла қувват билан ишга туширилиши керак.
XS
SM
MD
LG