Линклар

logo-print

Путин газ савдосига жиддий киришганга ўхшайди

  • Ҳасанжон

Россия президенти Владимир Путин Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан музокара ўтказиш учун 11 май куни Ашхободга келди. 12 май куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам уларга қўшилади.

Аксарият кузатувчилар Туркманистондаги саммитни Россия Марказий Осиёда юритаётган энергетика сиёсатининг муваффақияти сифатида баҳоламоқда.

“Рейтер” ахборот агентлигининг таҳлилчиларга асосланиб хабар қилишича, В.Путин Каспийнинг шарқий ҳудудларида нефть ва газ инфратузилмасини яхшилаш орқали Туркманистон ва Қозоғистонни газ шартномасига бириктириб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

12 май куни Туркманбоши шаҳрида ўтадиган саммитда Туркманистон газини Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали Европага экспорт қиладиган қувур қуриш лойиҳаси муҳокама этилади.

“Озодлик” радиосининг қозоқ хизмати бошлиғи Мерхат Шарифжонов В.Путиннинг Туркманистонга сафари муҳим аҳамиятга эга эканини айтар экан: “Бу ташриф Путиннинг қанчалар жиддий киришганини кўрсатади. Бу шунчаки қуруқ гап эмас. Путин қувур қурилиши мўлжалланаётган Туркманбоши, Оқтов шаҳарларида бўлди. Путин ёлғиз эмас. Қозоғистон президенти ҳам у билан бирга бўлади”, - деди.

“Озодлик” туркман бўлими раҳбари Ўғилжамол Язлиева уч томонлама саммит Туркманистоннинг бой энергия захирасини ўзлаштиришда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

“Бу жуда муҳим саммит. Чунки биз Туркманистон қай йўлни танлайди, деган саволга жавоб берилишини кутяпмиз. Туркманистон Ғарб давлатларига муқобил энергия лойиҳаларини амалга оширишга рухсат берадими ёки Россияга газ экспортини ошириб, Россия тарафида қоладими?” - дейди Ў.Язлиева.

Қ.Бердимуҳаммедов Туркманистон президенти бўлганидан бери В.Путин бу мамлакатга биринчи марта сафар қилмоқда. 11 май кунги музокарадан сўнг В.Путин Туркманистонни энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкор, деб атади. Россия раҳбари бошқа соҳаларда ҳам икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.

Туркманистонга ташрифидан олдин В.Путин Остонада Қозоғистон раҳбари Н.Назарбоев билан учрашган эди.

Европа Иттифоқи ўзининг энергияга бўлган эҳтиёжини Марказий Осиё нефть ва гази ҳисобига, Россияни четлаб ўтган қувур қуриш орқали қондиришни мўлжалламоқда. Шу боис, ЕИ Туркманистонга Россиядан мутлақо мустақил бўлган транскаспий қувури лойиҳасини таклиф қилмоқда. Каспий денгизи тубидан Грузия ва Озарбойжон тоғлари узра қурилиши таклиф этилаётган бу қувур техник жиҳатдан мураккаб, аммо пухта ишланган. Бироқ аксар таҳлилчилар В.Путин ва Н.Назарбоев таъсирида Қ.Бердимуҳаммедов ундан воз кечади, деб ҳисоблайди. Бунда Н.Назарбоевнинг ҳам роли катта бўлиши мумкин.

Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармасининг Марказий Осиё давлатлари бўйича етакчи таҳлилчи Марта Брил Олкот фикрича, В.Путин туркманистонлик ҳамкасбини ўз лойиҳасига кўндира олса, транскаспий қувурини қуриш ғояси барбод бўлиши мумкин.

11 май куни Польшанинг Краков шаҳрида ҳам энергетика масалаларига бағишланган икки кунлик норасмий саммит бошланди. Унга Польша, Қозоғистон, Озарбойжон, Грузия ва Украина раҳбарлари таклиф этилган эди. Учрашувдан мақсад Украинанинг Одесса-Броди-Гданск шаҳарлари ўртасида нефть қувури қуриш орқали энергия масаласида Россияга қарамликни камайтиришдан иборат. Аммо Қозоғистон раҳбарининг Краковга боришдан Туркманистонга сафарни афзал билгани Польшадаги учрашув нуфузини тушириши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG