Линклар

logo-print

Андижон фожеаларининг 2 йиллиги арафасида Берлиндаги тадбирлар

  • Абдулла Искандар

Европа Иттифоқига раислик қилаётган Германия парламентида ва Ташқи ишлар вазирлигида 10 май куни Андижон воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтказилди.

Германия парламенти матбуот марказида ўтказилган “Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти” мавзуидаги тадбир Халқаро Хелсинки федерацияси, “Халқаро амнистия”, “Ҳьюман райтс уотч” каби нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Германия Ташқи ишлар вазирлигида эса марказий осиёлик, жумладан, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари қабул қилинди.

Мазкур учрашув қатнашчиси, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти вакили Анвар Усмонов сўзларига кўра, тадбир давомида вазирлик расмийлари Ўзбекистон билан мулоқотлар чоғида инсон ҳуқуқлари масаласига урғу берилишини ваъда қилган.

“Учрашувда немис расмийларидан Ўзбекистонда кутилаётган сайловда мухолифатнинг ҳам қатнашиши масаласини кўтаришни, санкцияларни эса янада кучайтиришни сўрадик. Лекин вазирлик вакиллари санкцияларни кучайтириш масаласига тўхталишни истамади”, - деди А.Усмонов.

Вазирликдаги учрашувда қатнашган Халқаро Хелсинки федерацияси вакиласи Элза Мусаева фикрича, 2005 йил ноябрда санкциялар эълон қилинган пайтда ўзига қўйилган талабларнинг бирортасини ҳам бажармаган Ўзбекистонга қарши жазо чоралари янада кучайтирилиши керак. Чунки мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи нафақат яхшиланяпти, балки орқага кетмоқда.

Германияга қарашли Конрад Аденауэр жамғармаси таклифи билан ҳам Берлинга ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари келган. Бироқ улар Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда иштирок этмади, аммо бу гуруҳ кўпроқ Берлиннинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш билан банд.

XS
SM
MD
LG