Линклар

Тожикистондаги янги қонун. Депутатга қўй, ўғрига тўй...ми?

  • Гулнора Равшан

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси - Намояндалар мажлиси “Мол-мулкни қонунийлаштириш муносабати билан фуқаролар ва ҳуқуқий шахсларни авф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Парламент депутат Тожиддин Тўраев сўзларига кўра, бу қонун мулкни легал иқтисодий маконга қайтариш, мулкнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаштириш имконини беради. Қонун ижросини таъминлаш мақсадида жойларда махсус комиссиялар ташкил этилади.

“Бу комиссия қонунийлаштирилган мол-мулк тўғрисида гувоҳнома беришга ҳам масъул бўлади. Комиссия 6 ой мобайнида фаолият кўрсатади. Лойиҳага кўра, қонун кучга кирган пайтда судда кўриб чиқилаётган мол-мулк қонунийлаштирилмайди. Мол-мулкни қайта расмийлаштириш ёки қонунийлаштиришга солиқ солинмайди”, - деди Т.Тўраев.

Унинг сўзларига кўра, янги қонун мамлакатда сармоя муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.

Мол-мулк қайси пайтда ва қандай ҳолатда хусусийлаштирилганидан қатъий назар уни қонунийлаштириш бир марта ва ихтиёрий равишда ўтказилади.

Лекин парламент депутатларининг айримлари мазкур қонун лойиҳасининг шу тартибда қабул қилинишига эътироз билдирди.

Хусусан, Коммунистик партия раиси, депутат Шоди Шабдолов қонун лойиҳаси қабул қилинганидан норозилигини яширмади.

“Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида минглаб корхона талаб кетилди, айрим мансабдор шахслар эса ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, жамиятга қарашли мулкнинг катта қисмини хусусийлаштириб олди. Улар давлатга бир миллиард доллар миқдорида зарар етказди. Шунга қарамай, улар авф этилди. Бундан ташқари, нотинчлик йилларида жуда кўп маблағ мамлакат ташқарисига олиб чиқиб кетилди. Тўрт йил олдин ўша маблағларни авф этиш тўғрисида ҳам қонун қабул қилинди. Энди тинчлик-омонлик пайтида давлат мулки бўлган ерни, ер ости ва усти бойликларини ошкора равишда ўзлаштириб олаётган шахсни авф этиш нима учун кераклигини тушуниб бўлмайди”, - дейди Шоди Шабдолов.

Унинг айтишича, мазкур қонун давлат мулкини кўр-кўрона талон-тарож қилган том маънодаги ўғрилар сармоясини авф этишга имкон беради.

Мустақил кузатувчилар ҳам янги қонун давлат амалдорлари ва маълум доиралар манфаати учун ишлашини таъкидламоқда.

“Аслида бундай тажриба бошқа давлатларда ҳам бўлган ва ўша жамиятдаги тараққиёт даражаси юқорилиги боис, яхши натижаларга эришилган. Бироқ Тожикистоннинг бу масалада ўзига хослиги мавжуд. Кузатувлар кўрсатадики, аксарият амалдорлар ва айрим фуқаролар коррупция ҳамда давлат мулозимлари кўмагида мол-мулк соҳиби бўлди. Аммо шу кунга қадар ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз фаолияти давомида бу масалага оид бирор чора кўрмади. Уларни авф этиш ҳақида қонун қабул қилиниши айрим манфаатдор доиралар ва давлат мулозимларининг муштарак фаолияти натижасидир”, - дейди мустақил кузатувчи Шокиржон Ҳакимов.

“Мол-мулкни қонунийлаштириш муносабати билан фуқаролар ва ҳуқуқий шахсларни авф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентнинг юқори палатаси томонидан тасдиқланиб, президент томонидан имзолангандан сўнггина кучга киради.
XS
SM
MD
LG