Линклар

logo-print

Арманистонда парламент сайлови ўтказилди

  • Барно Анвар

Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловида 22 партия ва битта сиёсий блок вакиллари иштирок этди. 2,3 миллион сайловчи берган овозлар парламентдаги 131 ўринни кимлар эгаллаши масаласини ҳал қилади.

Ҳозирданоқ сайловда бош вазир Серж Саркисян бошчилигидаги Республикачилар партияси ва амалдаги ҳукумат тарафдори бўлган кучлар ғалаба қозониши кутиляпти.

“Партиямизнинг ғалабага эришиш имкони юқори, деб баҳолайман. Сайлов тинч ўтмоқда. Бизни ташвишга соладиган жиддий ҳодисалар рўй бергани йўқ. Мен мазкур сайлов халқимиз ва аксарият кузатувчилар учун мамлакат тарихидаги энг яхши сайлов бўлишини истардим”, - деди Серж Саркисян.

Европа Иттифоқи ва АҚШ расмийлари Арманистон ҳукуматини эркин ва одил сайлов ўтказишга чақирган. Сайловни эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа кенгаши парламент ассамблеяси, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан борган 800га яқин кузатувчи кузатмоқда.

Сайловолди кампаниясида сўзлаган бош вазир Серж Саркисян бу галги парламент сайлови халқаро кузатувчилар ҳафсаласини пир қилмаслигига ваъда берган эди.

Аммо мухолифат вакиллари ҳукмрон партия сайлов натижаларини сохталаштириши мумкинлигидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Хусусан, мухолифатдаги “Қонунлар мамлакати” партияси раҳбари Артур Багдасарян сайлов жараёнида қонунбузарликлар кузатилаётгани ҳақида гапирди.

“Республика бўйлаб сайловчиларга пора бериш ҳоллари кузатиляпти. Биз ҳуқуқ-тартибот органларини пора тарқатаётганларни қўлга олиб, уларни жавобгарликка тортишга чақирамиз”, - деди Артур Багдасарян.

Сайловолди кампанияси даврида мухолифат тарафдорлари мамлакат президенти Роберт Кочаряннинг истеъфосини ҳам талаб қилган эди. Таҳлилчилар иккинчи президентлик муддатини якунлаётган Р.Кочарян амалдаги бош вазир Серж Саркисянни ўзига ворис сифатида ҳозирламоқда, деган фикрда.

Аммо арман мухолифати вакили Арама Карапетян мамлакатда рангли инқилоб бўлиши эҳтимолга яқинлигини айтади.

“Гарчи сайловлар воситасида бўлса-да, албатта, инқилоб бўлади. Чунки амалдаги ҳукуматни инқилоб билангина алмаштириш мумкин”, - деди А.Карапетян.

Арманистондаги сайловни кузатган кузатувчилар сайлов халқаро стандартларга мос равишда ва тинч ўтишига умид билдирмоқда.

“Албатта, адолатли сайлов ўтказиш Арманистоннинг хорижий ҳамкорлари, халқаро ташкилотлар ва чет давлатлар билан алоқалари истиқболида жуда муҳим рол ўйнайди. Лекин фикримча, энг муҳими, бу сайловда Арманистон ҳукумати ўз халқига демократик сайлов ўтказа олишга қодирлигини исботлашидир”, - дейди ЕХҲТнинг сайлов мониторинги гуруҳи етакчиси Урдур Гуннарсдоттир.
XS
SM
MD
LG