Линклар

logo-print

“Европа Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликларга кўз юммаслиги керак”

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/781d2d89-7753-4247-803e-55c9cab853ec_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/781d2d89-7753-4247-803e-55c9cab853ec_mw800_mh600.jpg 12 май куни Андижон фожеаларининг икки йиллиги муносабати билан Европанинг турли давлатларидан келган ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирлар Брюсселда пикет ўтказди.

Пикет иштирокчилари қўлида “Йўқолсин диктатура”, “Андижонни унутманг” “Европа Ўзбекистонга санкцияларни кучайтирсин”, “Ўзбекистонда қамалган сиёсий маҳбуслар озод этилсин” каби сўзлар ёзилган плакатлар бор эди.



“Европа Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликларга кўз юммаслиги керак”, - дейди пикетда катнашиш учун Швециядан Брюсселга етиб келган муҳожир Дўстназар Худойназар.



Бу каби пикетлар Европа Иттифоқи Ўзбекистонга Андижон воқеаларидан кейин жорий этилган санкциялар масаласини қайта кўриб чиқаётган бир пайтда ўтмокда. 14 май куни ЕИ бу санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш ҳақида бир қарорга келади.

Пикет қатнашчилари ЕИдан бу санкцияларни нафақат кучда қолдириш, балки янада кучайтиришни талаб қилди.

“Биз санкциялар кучайтирилиши тарафдоримиз. Европага кириши тақиқланган 12 ўзбек амалдори рўйхатига Ўзбекистондаги қатағонлар бошида турган президент Ислом Каримов номи ҳам киритилсин”, - дейди пикет қатнашчиси Муҳиддин Қурбонов.



Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси олдидаги пикетда Бельгияда яшовчи рус диаспораси вакиллари ҳам қатнашди.

“Қўлимда “Каримов - диктатор” сўзлари ёзилган плакат бор. Ўзим Ўзбекистонданман ва у ердаги аҳволни биламиз. Ўзбекистон президенти ваколати муддати битган бўлса ҳам ҳукмронлигини давом эттирмоқда. Биз бундай қонунсизликка қаршимиз”, - дейди ўзини Светлана деб таништирган пикет қатнашчиси.



“Биз Ўзбекистондаги қонунбузарликларга бефарқ қараб тура олмаймиз ва шунинг учун пикетга чиқдик”, - дейди Брюсселдаги “Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар” ташкилоти раҳбари Олег Шестакевич.

Европа давлатларида бундай пикетлар кўп ўтказилган. Андижон фожеасининг икки йиллиги муносабати билан ўзбек мухолифати Европанинг кўпгина давлатларида норозилик тадбирлари ўтказмоқда.

Бельгиядан бошпана топган андижонлик мухолифат фаоли Дилшод Тиллахўжаев бундай пикетлар Европада жамоатчилик фикрини шакллантиришда фойда беради, деган ишончда.

“Албатта, бунинг таъсири бўлади. ЕИ санкцияларни ушлаб тураётгани ҳам шу чиқишларимиз натижаси ва умиддамизки, 14 май куни ЕИ чақириқларимизни инобатга олган ҳолда қарор қабул қилади”, - деди Д.Тиллахўжаев.

Ўзбекистонлик муҳожирлар 14 май куни Европарламентнинг Брюсселдаги биноси олдида яна пикет ўтказишни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG