Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:48

“Бу қирғин Андижонда бўлган эди”


Шу кунларда Европанинг бир нечта шаҳрида даниялик таниқли кинорежиссёр Майкл Андерсон томонидан суратга олинган “Бу қирғин Андижонда бўлган эди” номли фильмнинг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.

Андижон воқеалари ҳақидаги бу фильм намойиши Берлиндаги демократия ва инсон ҳуқуқлари уйида бўлиб ўтди. Намойишда немис жамоатчилиги вакилларидан ташқари Берлинда Конрад Аденауэр жамғармаси таклифига биноан меҳмон бўлиб турган Қирғизистон, Тожикистон ва ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам қатнашди.

Намойишдан олдин сўзга чиққан фильм муаллифи Майкл Андерсон бу асарга ҳали сўнгги нуқта қўйилмагани айтди.

“Ҳозирча фильмнинг 95 фоизи тайёр. Биз Европа Иттифоқининг Андижон воқеалари ҳақидаги сўнгги қарорини кутмоқдамиз. ЕИ 14 май куни санкциялар масаласини кўради. Ўзбек режимига қарши санкция узайтириладими-йўқми, ҳозирча номаълум. Биз Брюсселнинг бу борадаги қарорлари акс этган тасвирларни фильм якунига қўямиз”, - деди М.Андерсон.

Унинг нутқидан кейин зал қоронғулашиб, фильм намойиши бошланди. Юлдуз Усмонова ижросидаги қўшиқ садолари фонида Андижондаги 15-мактаб ҳовлисида териб қўйилган қатор ўликлар тасвири кўринди.

Фильм муаллифи ўзбек-қирғиз чегарасидаги тиканли симлар олдида туриб: “Бу тиканли симлар ортида Ўзбекистон деган мамлакат бор, бу мамлакат раҳбарияти 2005 йил 13 май куни ўз халқини отишга буйруқ берган”, - деб такидлайди.

М.Андерсон Буюк Британиянинг собиқ ташқи ишлар вазиридан ва бу мамлакатнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейдан Андижон воқеалари борасида интервьюлар олган.

Фильм давомида К.Мюррей ўзбек режимини қотилликда, Европа Иттифоқини иккиюзламачиликда айблайди.

Фильмдан Қирғизистондаги ўзбек қочқинлари билан суҳбатлар ҳам ўрин олган. Бу суҳбатлар Қирғизистондан Руминияга, Швеция ва Германияга кўчади. Воқеа гувоҳи бўлган Галима Бухорбоева хотиралари ҳам фильм марказига қўйилган.

Фильм намойишидан олдин сиëсий муҳожир ва шоир Ëдгор Обиднинг немис тилига таржима қилинган шеърлари ўқиб берилди. Шоирнинг ўзи эса шеърини ўзбек тилида ўқиди.

“Менинг шўрлик халқим, шўрлигим халқим.
Менинг ҳурлик халқим, ҳурлигим халқим.
Кўзларим кўр бўлса, кўрлигим халқим...”


Намойишдан сўнг фильм муҳокамаси бошланди. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов фильмда Россиянинг “РенТВ” канали тасвирга олган кадрлардан фойдаланилса, янада яхши бўлишини айтди.

Германиялик журналист, тадбир ташкилотчиларидан бири Бернард Гласеен немислар бундан икки йил олдин ўзларидан 6 минг километр узоқликда содир бўлган Андижон воқераларини унутмаслиги учун бундай фильмлар жуда зарур эканини таъкидлади.

Майкл Андерсон фильми Европарламент делегатларига тарқатиладиган бўлди.

Фильм Париж ва Лондонда ҳам намойиш қилинди.
XS
SM
MD
LG