Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

Владимир Путин Ғарбнинг умидларини чиппакка чиқармоқда


12 май куни Россия, Туркманистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасида Каспий қирғоғи бўйлаб газ қувури қуриш ҳақида келишувга эришилгани АҚШ, Европа ва Хитойнинг Россияни четлаб, Туркманистондан газ олиш ниятига соя солди.

Уч давлат раҳбарлари эълон қилган қўшма декларацияда Каспийбўйи газ қувурини қуриш ҳақидаги шартнома сентябрь ойига қадар имзоланиши маълум қилинган.

Янги қувур туркман газини Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали Европага етказади. Мазкур шартномага қўшимча келишувда Ўзбекистон ҳудудидаги Совет Иттифоқи давридан қолган қувурларни янгилаш ҳам назарда тутилган.

Моҳиятан эришилган келишув Россияни четлаб Марказий Осиёдан газ олиш ниятида бўлган АҚШ, Европа ва Хитойнинг умидини пучга чиқарган бўлса-да, В.Путин бу шартнома Европа ва жаҳон бозорига кўпроқ энергия ресурслари етказиб берилишини англатишини таъкидлади.

“Шуни мамнуният билан эътироф этишим лозимки, бугун қабул қилган қароримиз “катта саккизлик”нинг Санкт-Петербург саммитида илгари сурилган режа ва вазифаларга тўлиқ мосдир. Ҳозир гап янги ҳавзаларни ўзлаштириш тўғрисида кетмоқда. Демак, олдимизда газни ташиш имкониятини кенгайтириш вазифаси турибди”, - деди В.Путин.

Ғарб давлатлари Россия энергия ресурсларидан ўзининг сиёсий мақсадларида фойдаланаётганидан ташвиш билдирган. Аммо Москва расмийлари бундай айбловни рад этган.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳам эришилган келишувни олқишлаб: “Бу лойиҳа ҳамма томон учун манфаат келтириши аниқ. Биз эришилган келишувда белгиланган миқдордаги туркман гази ўз вақтида етказиб берилишини кафолатлаймиз”, - деди.

Шунга қарамай, Қ.Бердимуҳаммедов Россияни четлаб ўтиши кўзда тутилган, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган транскаспий қувури лойиҳасидан ҳам воз кечилмаганига эътибор қаратди.

Лондондаги Глобал энергия тадқиқот маркази таҳлилчиси Жулиан Лии сўзларига кўра, Каспийбўйи давлати сифатида на Россия ва на Эрон транскаспий қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

“Россия ҳамда Эрон Каспий денгизи тубидан ўтадиган ҳар қандай нефть ёки газ қувури қурилишига қарши экани ҳозирча аниқ. Шу боис, Марказий Осиёдан Россияни четлаб Европага газ ёки нефть экспорт қилиниши жуда қийин”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Жулиан Лии фикрича, Марказий Осиё энергетика манбалари учун Россия ва Европа ўртасидаги бораётган рақобат шунчаки оддий кураш эмас. Хитой бу жараённи янада мураккаблаштирмоқда.

“Россия сўнгги йилларда Марказий Осиё гази ўз ҳудудини четлаб Европага ўтиши эҳтимолидан эмас, балки Хитойга осонгина оқишидан кўпроқ хавотирда”, - дейди Жулиан Лии.

Туркманистон қанча газ захирасига эга экани ноаниқ. Бироқ агар Эрон, Афғонистон ёки Хитойга газ қувури қурилса, Туркманистон газ етказиб бера оладими, деган саволга Қ.Бердимуҳаммедов: “Ташвишланманг, бизда етарлича газ бор”, - деб жавоб берди.

Россия энергетика вазири Виктор Христенконинг билдиришича, Каспий соҳили бўйлаб қуриладиган қувурнинг биринчи навбати 2009-2010 йилга қадар йилига 10 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга бўлади.
XS
SM
MD
LG