Линклар

Санкциялар узайтирилиши тарафдорлари кўпаймоқда

  • Ҳасанжон

14 май куни Европа Иттифоқи Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши киритилган санкциялар муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш масаласини кўриб чиқади.

Шу муносабат билан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг ЕИга йўллаётган баёнотлари сони ортиб бормоқда.

Бундан бир қанча вақт муқаддам Умида Ниёзова ва Гулбаҳор Тўраева иши ЕИнинг санкциялар масаласида чиқарадиган қарорига таъсир қилиши ҳақида гапирилаётган эди. Худди шу манзарада ЕИ ва унга раислик қилаётган Германиянинг Ўзбекистон ҳукуматидан мазкур икки ҳуқуқ ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқиш талаб қилинган баёноти пайдо бўлди.

Орадан кўп ўтмай эса У.Ниёзовага белгиланган 7 йиллик қамоқ жазоси худди шу муддатдаги шартли жазо билан алмаштирилди ва у суд залидан озод этилди. Лекин Г.Тўраевага биринчи суд қарори билан белгиланган 6 йиллик қамоқ жазоси нафақат юмшатилди ёки бекор қилинди, балки унга яна бир айблов эълон қилиниб, Андижон вилоятида ўтказилган иккинчи суд қарори билан ҳуқуқ ҳимоячисига 5,8 йиллик қамоқ жазоси қўшиб берилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Г.Тўраева ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти, хусусан, Андижон воқеаси қурбонлари сони ҳақида илк бор ташқи дунёга маълумот бергани учун жазога тортилганини айтмоқда.

14 май куни ЕИ Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар масаласини кўриб чиқишга ҳозирлик кўраётгани халқаро ҳамжамиятни ва маҳаллий фуқаролик жамияти вакилларини ЕИдан бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига янада жиддий эътибор қаратишга чақириш учун сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ЕИни Ўзбекистондаги барча сиёсий маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячилари озод қилинмагунча мазкур санкцияни бекор қилмасликка чақирмоқда.

Хусусан, куни-кеча Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ва “Бирдамлик” ҳаракати вакилларининг ЕИга йўллаган очиқ хатида Андижон фожеасидан кейин қамалган Саиджаҳон Зайнобиддинов, Гулбаҳор Тўраева ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари қўйиб юборилишига чақирилган ва Ўзбекистонга жорий қилинган санкциялар ўз кучида қолиши кераклиги таъкидланган.

“Баёнотдан кўзлаган мақсадимиз Ўзбекистондаги барча сиёсий ва бошқа маҳбусларга нисбатан қийноқлар тўхтатилиши, улар устидан очиқ ва адолатли тергов ўтказилиши, ноҳақ қамалганлар озодликка чиқарилишини талаб қилишдан иборат. Санкциялар кучайтирилса, тазйиқлар камайишидан умидвормиз”, - дейди очиқ хат муаллифларидан бири, “Бирдамлик” ҳаракатининг Тошкент бўлими етакчиси Акромхўжа Муҳиддинов.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса ҳозир ЕИга раислик қилаётган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайерга норозилик мактуби йўллади.

“Бизнингча, ЕИ Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволини ҳисобга олган ҳолда Тошкент режимга нисбатан жорий қилинган санкцияларни ўз кучида қолдириши керак”, - деди мазкур қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё дастури мувофиқлаштирувчиси Нина Огнианова.

Шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам 11 май куни ЕИ ташқи ишлар вазирларига йўлланган мактубида Ўзбекистонда қамалган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳаммаси озод қилинмагунча бу ҳукуматга қарши санкциялар муддатини узайтиришга чақирган.

“ЕИ Тошкент расмийларига нисбатан ўз стратегиясини белгилашда асосий эътиборни сиёсий манфаатларга эмас, балки ўзбеклар ҳаёти ҳамда ЕИ принципларига қаратадиган вақт келди”, - дейди ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер ташкилот номидан эълон қилган баёнотида.
XS
SM
MD
LG