Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:23

Санкциялар ўз кучида қолди


14 май куни Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларни узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу масала олти ойдан сўнг яна кўриб чиқилади.

Бу санкциялар Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш ва ҳукуматнинг Андижон фожеаларига бевосита алоқадор кўрилган 12 расмийсига ЕИ ҳудудига киришга тақиқни назарда тутади.

ЕИга аъзо 27 давлат ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги учрашувда бу жазо чоралари узайтирилишини қўллаб-қувватлади. Аммо ЕИга раислик қилаётган Германия Буюк Британия ва Швециянинг қаршилигига қарамай, тузилма ҳудудига кириши тақиқланган ўзбек амалдорлари рўйхатидан 4 номнинг олиб ташланиши эришди.

ЕИдаги манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг собиқ мудофаа вазири, Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби, Шарқий ҳарбий округ қўшинларининг собиқ қўмондони ва Андижоннинг собиқ ҳокими номи виза тақиқи белгиланган амалдорлар рўйхатидан чиқарилган.

Брюсселдаги учрашув арафасида ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг кўрсатмасисиз ҳеч иш қилинмаслигини таъкидлаб, ЕИнинг “қора рўйхати”га унинг ҳам номини киритишни талаб қилиб келаётган эди.

Брюсселда санкциялар масаласи кўрилаётган пайтда ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожир ва мухолифат фаоллари Европа кенгаши биноси олдида кичик пикет ўтказди. Улар Тошкент ҳукуматига қарши жазо чоралари кучайтирилиши талаб қилинган плакатларни кўтариб олган эди.

ЕИнинг санкциялар борасида қабул қилган қарори Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи иттифоқни ҳали ҳам ташвишга солаётганини англатади.

Европа кенгаши баённомасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Умида Ниёзова ва Гулбаҳор Тўраеванинг қамалиши тузилма аъзоларида чуқур ташвиш уйғотгани таъкидланади. Шунингдек, кенгаш Ўзбекистонни халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда Г.Тўраевани озод этишга, У.Ниёзовага қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирган.

Шу билан бирга, Европа кенгаши Ўзбекистон ҳукуматининг Халқаро қизил хоч ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш истагини ва ҳукуматнинг Европа экспертлари билан иккинчи давра мулоқотга ҳозирлигини олқишлаган.

Шунга қарамай, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан аввалги мавқеини сақлаб қолган. Баённомада Ўзбекистон ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласида конструктив мулоқотга астойдил киришсагина санкциялар олиб ташланиши билдирилган.
XS
SM
MD
LG