Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:01

Ўзбекистонда ўлим ҳукми ижро этилмаяпти. Бунга ишонса бўладими?


Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда ўлим жазоси бўйича судлар томонидан чиқарилган бирорта ҳукм ижро этилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, “Ўзбекистон конституцияси, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатлайдиган бандларида белгилаб берилган, умум эътироф этилган тамойиллар ва меъëрларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон президентининг ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги 2008 йил 1 январдан кучга кирадиган фармони қабул қилингандан буëн чиқарилган бирорта ўлим ҳукми ижро этилгани йўқ”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик” радиоси Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаганини баҳона қилиб, мазкур мавзу юзасидан маълумот бера олмаслигини билдирди.

“Халқаро амнистия” ташкилотининг Марказий Осиë дастури тадқиқотчиси Маэсе Вайшерденг Бош прокуратуранинг бу баёнотини олқишлади.

“Биринчидан, мен Ўзбекистон расмийлари бу борада очиқ маълумот бераëтганини олқишлайман. Ниҳоят жамоатчиликка бу ҳақда бирор маълумот берилди. Чунки Ўзбекистон президентининг 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармони имзолангандан буён Оқсаройдан бу борада мунтазам статистика эълон қилинишини талаб қилиб келаëтган эдик. Қанча одам ўлимга ҳукм этилгани, ҳукм ижроси ҳақидаги маълумотлар ҳозиргача ошкор қилинмаган. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг бундай баëнот бергани ижобий қадам, аммо батафсил маълумотга эга бўлиш учун янада аниқ рақамлар берилса яхши бўларди”, - деди М.Вайшерденг.

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова ҳозир мамлакат судлари ўлим жазоси ҳукмларини чиқаришда давом этаётгани, бироқ ҳукмлар ижро этиляптими-йўқми, буни текширишнинг иложи йўқлигини айтади.

“Ҳукм сифатида ўлим жазоси белгилаш давом этмоқда. Чунки Ўзбекистон Жиноят кодексида ўлим жазосини бекор қилиш ва уни қамоқ жазосига алмаштириш ҳақида банд йўқ”, - деди Т.Чикунова.

Т.Чикунова Бош прокуратура баёнотига муносабат билдирар экан: “Бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Чунки бу махфий маълумот ва у ҳеч қачон ошкор қилинмайди. Ўлим жазоси олган маҳбусларга ҳукм ижро этилгани, қачон ижро этилгани, ким отилган, қачон отилган - буларнинг барчаси давлат сири ҳисобланади. Ҳозир бизнинг ташкилот яқинлари отишга ҳукм қилинган 34 оилага ëрдам кўрсатяпти”, - деди.

Т.Чикунова президентнинг ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармони қонун кучини олиши учун бу ҳақда қонун қабул қилиниши кераклигини айтади.

“Ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига топширилган бўлиб, бу иш билан парламентдаги махсус ишчи гуруҳ шуғулланмоқда. Аммо бу гуруҳ қандай ишламоқда, нималар билан шуғулланяпти, ўлим жазосини бошқа муқобил жазолар билан алмаштириш ҳақидаги режалар ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ ҳозирча. Аммо марказий телевидение орқали бу мавзуга бағишланган мулоқотлар бўлиб ўтяпти. Бу ижобий қадам”, - деди Т.Чикунова.

Т.Чикунова, шунингдек, 2008 йил 1 январдан кучга кириши кутилаëтган президент фармони мазкур ҳужжат имзоланишигача ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбусларга тааллуқли бўлмаслигини эслатар экан, ҳуқуқ-тартибот идораларини уларга чиқарилган ўлим жазосини ижро этмаслик ва жазони озодликдан маҳрум этиш билан алмаштиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG