Линклар

logo-print

Қирғизистонда ҳали қочқинлар кўп


Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистондан бошпана топган ўзбекистонлик қочқинларнинг 500 га яқини учинчи давлатга кўчирилган эди. Айни пайтда яна юздан ортиқ қочқин Қирғизистондан бошқа давлатларга кўчирилишини кутиб турибди.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев икки йилдан бери Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар муаммоси билан шуғулланиб келади.

“Андижон воқеаларидан бери икки йил ўтганига қарамай, ҳали ҳам ўзбекистонлик қочқинлар Қиризистонга бошпана излаб келмоқда. Уларнинг сони аввалгидай кўп эмас, лекин барча қочқинлар сонини аниқ айтиб бўлмайди”, - деди И.Раҳматуллаев.

Ўзбекистонлик қочқин Тоғбой Раззоқов айни пайтда Бишкекда 50 нафар ўзбек қочқини яшаётгани, яқинда Ўзбекистондан яна бир неча оила Бишкекка бошпана сўраб келганини айтади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтихон Жапарова қочқинлар оқимининг шу кунгача тўхтамаганини изоҳлар экан: “Андижон воқеаларига хориж мамлакатлари сиёсий баҳо берса ҳам Ўзбекистон ичкарисида сиёсий баҳо берилмади. Бу воқеада иштирок этганларнинг барчаси жуда катта тазйиқларга учрамоқда. Шунинг учун ҳам қочқинлар оқими шу кунгача тўхтамаяпти”, - деди.

И.Раҳматуллаев эса Ўзбекистонда Андижон воқеаларига нафақат сиёсий, балки ҳуқуқий баҳо ҳам берилиши лозим, деб ҳисоблайди.

Қочқинлар муаммоси билан шуғулланувчи жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуназар Маматов яқинда Андижонга бориб келган.

Унинг айтишича, андижонликлар икки йил аввалги воқеаларни эслашни хушламайди. Бу воқеалар тўғрисида очиқ гапирган одамлар қувғин қилиниб, бошқа давлатларга қочқин сифатида бошпана сўраб кетишга мажбур бўлмоқда.

“Андижонликлар ташқаридан келган одамлар билан суҳбатда иложи борича бу мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Гапирганлар эса фақат давлат расмий нуқтаи-назаридан туриб гапиради. Давлат нуқтаи – назаридан бошқача фикр билдирганлар эса тез орада қочқинлар қаторига қўшилишга мажбур бўлмоқда” , - деди А.Маматов.

Қирғизистонда андижонлик қочқинларни террорчиларга тенглаштирувчи, Ўзбекистон ҳукумати айнан террорчилар гуруҳига қарши қуролли тадбир ўтказганини таъкидловчилар ҳам бор. Жалолободлик мустақил кузатувчи Узоқбой Маматқулов шундайлардан бири.

“Диний экстремистлар Ўзбекистон ҳудудидан йўқ қилиниши лозим. Андижон воқеалари халқнинг қашшоқлигидан келиб чиқди, деган гаплар ҳам бор. Бироқ бу фикрга қўшилмайман. Чунки халқ қашшоқ бўлса, бу исён Ўзбекистоннинг барча вилоятларига ёйилиши керак эди. Бироқ ўзбек халқи террорчиларни қўллаб-қувватламади. Ўзбекистон ҳукумати эса Андижонда террорчиларга қарши курашди”, - дейди У.Маматқулов.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси И.Раҳматуллаев бу фикрга қўшилмайди.

“Мен қочқинлар масаласи билан шуғулланганман. Улар орасида террорчилар йўқ эди. Улар сиёсий, ҳуқуқий талаблар билан намойишга чиққан тинч аҳоли эди. Улар мана шу талаблари учун отилган одамлардир” , - деди И.Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG