Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:35

Лойиҳалар бор, газнинг ўзичи?


Ўтган ҳафтада Россия Марказий Осиё гази ва нефтини назорат қилиш учун яна бир йирик қадамини ташлади. Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон раҳбарлари Россиянинг бу қадамига қаршилик қилмади.

12 май куни Туркманбоши шаҳрида Россия, Туркманистон ва Қозоғистон президентлари Каспийбўйи газ қувурини қуриш ҳақидаги декларацияни имзолади. Ўзбекистон президенти бу декларацияга қўшилгани сал аввал, у Оқсаройда Россия саноат ва энергетика вазирни Виктор Христенкони қабул қилган вақтда билдирилган эди.

Декларация матнида Каспийбўйи газ қувурини қуриш тўғрисидаги ҳужжат Қозоғистон, Россия ва Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг 2002 йил 1 мартдаги қўшма баёнотига асослангани ва газ соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш нақадар муҳимлиги эътиборга олинган ҳолда имзолангани айтилади.

Ҳозирча бир саҳифалик декларацияда акс этган бу лойиҳа амалга ошса, қурилажак газ қувури Туркманистондан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россиягача боради.

Россия матбуоти, қолаверса, Ўзбекистонда чиқадиган баъзи нашрлар ҳам бу воқеани “Россиянинг газ ғалабаси” қабилидаги сарлавҳалар билан ёритмоқда.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин қайсидир маънода бундай баҳолар тўғри эканини айтади.

“Бу келишув билан томонлар нафақат Марказий Осиёдан Россияга газ элтувчи қувурни такомиллаштириш ва Каспийбўйидан ўтадиган янги қувур лойиҳаси борасидаги ниятларини, балки таъбир жоиз бўлса, экспорт қилувчи давлатларнинг ўзига хос картели, яъни бирлашмасини тузиш мақсадлари борлигини намойиш қилди. Шу маънода Россия ҳозирча минтақада газ монополисти мақомини сақлаб қолишга қаратилган бу курашнинг биринчи раундида ғалабага эришди, деса бўлади”, - дейди А.Грозин.

Бироқ Туркманбоши шаҳридаги музокаралардан сўнг Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов Каспийбўйи қувурига муқобил бўлган, Россияни айланиб ўтувчи транскаспий қувури лойиҳасидан ҳозирча воз кечмаганини билдирди.

Шу ўринда айтиш жоиз, ўтган ҳафта Краковда Украина, Польша, Грузия, Озарбойжон, Литва президентлари ва Қозоғистон минерал бойликлар вазири ўринбосари ҳам транскаспий газ қувури лойиҳасини муҳокама қилди.

Лондондаги Халқаро муносабатлар институтининг Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассиси Юрий Фёдоров сўзларига кўра, Нурсултон Назарбоевнинг ўзи Россия президенти билан бирга Туркманистонга келган бўлса-да, Краков учрашувига вакилини юборганининг ўзиёқ Туркманбоши шаҳридаги келишув нуфузига путур етказади. Қолаверса, Туркманбоши декларациясининг иқтисодий ва техникавий салоҳиятидан кўра, сиёсий характери кучлироқдир.

“Биринчидан, уч президент Каспийбўйи қувури лойиҳаси бўйича сиёсий даражада келишиб олди. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу декларациянинг ҳозирча иқтисодий ва техникавий аҳамияти йўқ, бу мутлақ сиёсий тусга эга ҳужжатдир. Улар асосан икки масала, биринчиси, Каспийбўйи қувурини қуриш, иккинчиси, ишлаб келган Ўрта Осиё-Марказ қувурини такомиллаштириш бўйича келишиб олди. Лекин бу икки ҳужжатнинг ўта қисқа эканини эътиборга олмасангиз ҳам уларда масаланинг техникавий ва иқтисодий жиҳатлари аниқ кўрсатилмаган, яъни қайси давлат қувурларнинг қайси бўлаклари учун масъул бўлади, қувур қурилишига ким қанча сармоя ётқизади каби саволларга аниқ жавоб йўқ. Бу шунчаки сиёсий ҳужжат ва сиёсий баёнотдир”, - деди Ю.Фёдоров.

“Газ экспорт қилувчилар картели ҳақидаги гапларга келсак, имзоланган ҳужжатлар ва учрашувдан кейин уч президент ўтказган матбуот анжумани ўта қисқа бўлганини эътиборга олсак, менимча, бу ҳақда гапиришга ҳал жуда-жуда эрта. Бу келишувларда умумий гаплар кўп ва аниқ гаплар эса кам бўлди”, - дея сўзларига қўшимча қилди Ю.Фёдоров.

Гарчи Касбийбўйи газ қувури лойиҳида Ўзбекистон ҳам қўшилгани айтилган бўлса-да, бу борада расмий Тошкентнинг ўзи билан музокара ўтказилгани Туркманбоши келишуви имзоланган пайтда ҳам, ундан кейин ҳам эълон қилингани йўқ. Албатта, Ислом Каримов Россия саноат ва энергетика вазирини қабул қилиб, энергия соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилгани ҳисобга олинмаса.

Андрей Грозин Туркманбоши ва Тошкентдаги учрашувлар бир пайтда ўтказилгани Ўзбекистоннинг Каспийбўйи лойиҳасидан анча олдин хабардор бўлганидан дарак беришини таъкидлади.

“Қувурнинг Ўзбекистондан ўтиши ҳақидаги гаплар шунчаки йўл-йўлакай айтилганига ишониш қийин. Бу масала муҳокама қилингани, яна айнан икки давлат етакчилари даражасида муҳокама қилинганига шубҳам йўқ. Мендаги маълумотларга кўра, бу масала Москва билан Тошкент ўртасида қарийб бир йил олдин муҳокама қилинган. Ўзбекистоннинг бу лойиҳага қанчалик қизиқиши эса бошқа масала”, - дейди А.Грозин.

Юрий Фёдоров эса Ўзбекистоннинг Каспийбўйи лойиҳасига қизиқиши катта бўлмаслигини тахмин қилади.

“Ўзбекистон ўз газини экспорт қилишдан манфаатдор бўлса-да, Тошкент учун газ экспортининг асосий йўналиши Қирғизистон ва Тожикистондир. У Қозоғистоннинг жанубий минтақаларига ҳам қанчадир миқдорда газ сотади. Россия билан имзоланган келишувларга кўра, Тошкент Москвага йилига 9 миллиард куб метр газ сотади. Каспийбўйи лойиҳасида иштирок этиш учун бу жуда камдир. Менимча, Ўзбекистоннинг янги келишувлардаги роли ҳозирда мавжуд бўлган Ўрта Осиё-Марказ қувурини такомиллаштиришда иштирок этиш билан чекланиб қолади. Лекин бунда ҳам унинг иштироки миқёси қанча бўлиши, у қанча сармоя ётқиза олиши, умуман ётқиза оладими, бу савол остида қолмоқда”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Нима бўлганда ҳам Туркманбоши шаҳрида декларацияни имзолаган президентлар ҳали бошланмаган лойиҳага некбинлик билан қарамақда. Куни-кеча Россия саноат ва энергетика вазири Виктор Христенко Ўрта Осиё-Марказ қувури такомиллаштирилса, у йилига 90 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга бўлишини таъкидлади. Каспийбўйи лойиҳаси амалга ошса, Марказий Осиё минтақасидан қўшимча яна 30 миллиард куб метр газ олиб ўтиш имкони пайдо бўлади.

“Лекин россиялик сиёсатчилар бунча газни Марказий Осиё мамлакатлари қаердан олади, деган савол устида ҳозирча бош қотириб кўргани йўқ чоғи, - дейди Юрий Фёдоров. - Яқинда Россияда чиқадиган “Независимая газета”да “Стоп машина” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Марказий Осиё мамлакатларида газ қазиб олишни кўпайтириш имкониятлари ҳақида гап боради. Бу мақолада Россия ҳукумати экспертлари ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинган. Бу натижалар тўғри бўлса, Марказий Осиё мамлакатларининг газ қазиб олиш кўламини кўпайтириш ҳақидаги ваъдалари қуруқ гап, холос. Яъни минтақа ҳукуматлари ўз имкониятларини бироз бўрттириб кўрсатган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Россия сиёсатчиларининг бу минтақадан қазиб олинадиган газ хусусидаги некбинлиги ўзини ўзи алдашдан бошқа нарса эмас”.
XS
SM
MD
LG